Якоб Фуггер — қироллар, саёҳатчилар, епископлар ва Рим папаларини молиялаштирган немис банкири бўлиб, у фаолияти давомида ўша вақтдаги, балки бутун инсоният тарихидаги энг бой инсон бўлган.

Оддий деҳқоннинг боласи бўла туриб у Рим папаси Лев X’ни тижорий кредитлашни қонунийлаштиришга ишонтира олган. Унинг пул ишлаб топиш механизмларидан бири Мартин Лютерга 95 тезис ёзиб, ислоҳотлаштиришни бошлаш учун важ бўлган. Фуггер 1519 йилда муқаддас Рим империясининг императорини сайлашда катта роль ўйнаган — айнан унинг пуллари Испания қироли Карл V’ни Наполеон босиб олган ерлар кенглигидаги империя тахтига ўтиришга сабаб бўлган. 

1525 йилда ўлимидан олдин Фуггернинг бойликлари замонавий пулларда ўлчанса 400 млрд. доллар ёки ўша вақтдаги Европа ЯИМининг 2 фоизига тенг бўлган. Тарих у каби бой бўлган яна бир инсонни билади — Жон Рокфеллер, лекин унинг бойлиги АҚШ иқтисодиётининг камроқ қисмини ташкил этган.

Мана, Якоб Фуггернинг баъзи бир сирлари: 

Бошқалар чўчиб турганда сармоя киритинг. Фуггер ўзига катта бойлик келтирган икки жойда пул тикишга юраги дов берган. Биринчиси эрцҳерцог Сигизмунд Тироллик билан бўлган: Фуггер унга Венеция билан можарода катта пул берган. Бошқа банкирлар ҳерцогга пул беришдан воз кечишган, бироқ Фуггер ўзи топган барча нарсани унга таклиф этган ва ҳерцог Венеция билан боғлиқ ишларини тугатиб олган. Ўзининг қўллаб-қувватлаганига жавобан Фуггер Ер юзидаги энг йирик кумуш конига эга бўлган.

Бундан ташқари, Фуггер бошқалар турк босқинчилигидан чўчиб турганида венгерларнинг мис конларига сармоя киритган. Натижада, у ушбу конни ҳам ўз тасарруфига ўтказган. Турклар ҳақиқатдан ҳам Венгрияни эгаллаб олишган, бироқ бу воқеалар Фуггернинг ўлимидан кейин юз берган. 

Алмаштириб бўлмас бўлинг. Баъзи бир корхоналар касодга учрамаслик учун ўта кенг миқёсда ҳаракат олиб бориши ҳақидаги ғоя - янги эмас. Фуггер ҳам бундан яхшигина хабардор эди ва бундан ўзини ҳисоблар бўйича пул тўлашдан осонгина бўйин товлайдиган монархларнинг зўравонлигидан ҳимоя қилиш йўлида фойдаланган. Фуггерда шундай нарса бор эдики, мижозларининг усиз иши битмасди: у дарҳол катта пул топиб бера оларди. Уларга Фуггер ҳам, унинг шартлари ҳам ёқмасди. Бироқ уларда бошқа вариант ҳам йўқ эди.

Ахборотга эга бўлинг. Фуггер яхши факт нечоғлик қадрли эканлигини яхши биларди. У бозордаги ҳаракатлардан ҳаммадан биринчи бохабар бўлиб туриш учун жаҳондаги биринчи янгиликлар хизматини яратган эди. Император Максимилиан (Карла V’нинг бобоси) банкирга Ҳенрих VII французларга қарши уруш учун гаров сифатида пича тилла жўнатганини айтади. Фуггер эса битимни имзоламайди: Англиядаги жосуси қиролнинг кемалари бандаргоҳни тарк этмаганини унга етказиб бўлган эди.

Рақамлар билан дўстлашинг. Қўш бухгалтерияни итальянлар ихтиро қилган, бироқ Фуггер уни биринчи марта Альп тоғларининг шимолида қўллай бошлаган. У бухгалтерлик фанини жиддий равишда ривожлантирган ва ўзининг кўп сонли корхоналари учун умумлашма баланс яратган. Бундан ташқари у ўз филиаллари фаолиятини текшириб туриш учун аудиторлардан фойдаланган илк киши бўлади. Унинг бухгалтерлик китобларида Фуггернинг ўзи ҳошияларда битган битикларга кўз тушиши мумкин: у харажатларнинг маълум бир бўлимларини жиддий кузатган. 

Яхши таълим олинг. Фуггер бир неча йил ўша вақтларнинг ишбилармонлик маркази — Венецияда ўқиган. У бутун умр ўзига хизмат қилган билим, тажриба ва алоқаларни орттирган.

Совуққонликни сақланг. Австрия епископи Фуггер банкининг энг йирик омонатчиларидан бири эди. 1509 йилда епископ ўлгач, папа зудлик билан пулларни черковга ўтказиб беришни сўрайди. Бироқ пуллар кончилик лойиҳаларига йўналтирилган ва Фуггерга талабни бажариш учун ликвидлик етмайди. Бироқ рад этиш ёки рад этганлик ҳақидаги миш-мишлар ҳам унинг империясига нуқта қўярди. Аммо Фуггер харажатларни қисқартириш ўрнига, олдингидан ҳам беш баттар харжлай бошлайди — бирор киши унда муаммолар борлигини сезиб қолмаслиги учун. Бу эса унга папа билан нажот битими тузиш учун қўшимча вақт тақдим этади.

Жамиятга қарзингизни қайтаринг. Фуггер Фуггерай квартали — жаҳонда биринчи марта арзон турар-жой манзилгоҳи яратувчиси сифатидан тарихдан ўрин олган. У ишлаётган ҳар қандай инсон бошпанага эга бўлиши керак, деб ҳисобларди. Ўз кварталида уй-жой ижараси учун бозор ставкасининг фақат чорак қисмини оларди. Фуггерайдан ҳозир ҳам шу мақсадда фойдаланилмоқда ва унинг она шаҳри Аугсбургдаги йирик туристик марказ ҳам ҳисобланади.