Илон Маскнинг Tesla компанияси қуёш батареялари ўрнатилган томларга буюртмалар қабул қилишни бошлади. Шу муносабат билан янги маҳсулот нархларини эълон қилди. Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўртача уйга шундай томни ўрнатиш 50 минг долларга айланади. Solar Roof томларини ўрнатиш ишлари АҚШда шу йил ёзидан бошланади. Хорижий мамлакатларга 2018 йилдан етказиб бериш йўлга қўйилади. 

Модуллар ташқи томондан анъанавий черепица қопламали томларга ўхшаб кетади. У 4 хил намунада ишлаб чиқарилади. Бироқ илк мижозларга нақшли ёки хира шишали томлар таклиф этилади. Тоскан пластиналари ва шиферли плиталари 2018 йил бошидан тақдим этилади. 

Компаниядагиларнинг таъкидлашича, кафолат уйнинг яроқлилиги давригача ёки муддатсиз, бу икки ҳолатдан қайси бири биринчи юз беришига боғлиқдир. 

Tesla сайтида эълон қилинган баҳолар жадвалига кўра, ўртача ҳажмдаги уй учун қуёш панелларининг бир фут квадрати (0.09 метр квадратга яқин) 21,85 долларга айланади. Том нархига компания томонидан ишлаб чиқарилган 14 кВтлик Powerwall 2 батареяси нархи киритилмаган. У ёрдамчи дастурий таъминотсиз 5,5 минг доллар туради. 

Bloomberg агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2 минг квадрат фут майдондаги уй (185,8 кв.м) томининг 40 фоизини фаол қуёш пластиналари ва захира генератор билан жиҳозлаш солиқларни ҳисобламаганда 50 минг долларни ташкил этади. 30 йил мобайнида ишлаб чиқилган электр энергияси қиймати шу давр мобайнида электр энергияси нархи ўзгармаганда 64 минг доллар бўлади. 

Журналистларнинг қайд этишларича, Solar Roof одатдаги томга қараганда қимматдир. Аммо, анъанавий қуёш панеллари ва захира батареялари нархидан арзондир.