Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида олиб борилган тадбирлар натижасида 5-11 май кунлари давомида ЙХХБ ходимлари томонидан 16,684та, чорраҳаларга ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида 8,598та қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев шу ҳақда маълум қилди.

Камералар томонидан қайд этилган қоидабузарликларнинг 4980таси сфетофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатланиш, 3618таси тезликни белгиланган меъёрдан ошириш экани таъкидланди.

Умуман, 2017 йил 15 март кунидан 10 майгача чорраҳаларда ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида жами 98,307та қоидабузарлик содир этилган. Улардан 45,191таси тезликни меъёрдан ошириш, 53,116таси светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатланишдир. 

Чорраҳаларда видеокамералар ўрнатилиши натижасида 2017 йилнинг 15 март кунидан шу кунга қадар 176та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, унинг натижасида 22 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 206 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Қайд этилишича, 2016 йилнинг айнан шу даврида 256та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, унинг натижасида 42 фуқаро ҳаётдан кўз юмган ва 295 нафар шахс турли оғирликдаги тан жароҳатлари олган. Шунга кўра, Тошхўжаевнинг уқдиришича, камералар самарасини сўз билан ифодалаш шарт эмас, рақамлардан билиб олиш мумкин.