АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Украина Ташқи ишлар вазири Павел Климкинни қабул қилди.

Украинанинг АҚШдаги элчихонасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида томонлар Киев келгусида ҳам Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланиши истиқболлари муҳокама қилинган.

Учрашувда Трамп ва Климкиндан ташқари Украинанинг АҚШдаги элчиси Валерий Чалий ҳамда АҚШ вице-президенти Майкл Пенс иштирок этган.

Трамп билан учрашувдан олдин Климкин Майкл Пенс билан музокара ўтказганди. Оқ уйдагиларнинг маълум қилишича, Пенс бу учрашувда Минск келишувлари "Украинада тинчлик таъминланиши учун энг тўғри йўл" эканини таъкидлаган. У "АҚШ Украинанинг ҳудудий дахлсизлигини ва суверенитетини қўллаб-қувватлашда давом этиши"ни қўшимча қилган ва Вашингтон Киев билан Донбассдаги зиддиятнинг бартараф этилиши устида иш олиб боришини қайд этган.

Украина ҳукумати 2014 йил баҳорида Киевдаги давлат тўнтарувидан кейин ўзини мустақил деб эълон қилган "ЛХР" ва "ДНР"га қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаганди. БМТ маълумотларига кўра, ўтган вақт ичида 10 минг киши қуролли тўқнашувлар қурбонига айланган. Минскда 2014 йил сентябрида контакт гуруҳи иш бошлади ва шу вақтгача бу зиддиятни ҳал қилиш борасида 3та ҳужжат имзоланди. Аммо ўт очишни тўхтатиш борасидаги сулҳлардан кейин ҳам томонлар бир-бирига ҳужумлар уюштириб келади.