Қозоғистон президенти матбуот хизмати Нурсултон Назарбоевнинг ўз номидаги университет президенти Шигео Катсу билан инглиз тилида гаплашгани кўрсатилган видеони намойиш этди.

Видеода қозоғистонликлар президенти Шигео Катсудан инглиз тилида ҳол-аҳвол сўраганини кўриш мумкин.

Қозоғистон президенти университет президенти билан учрашув вақтида унинг саволига ҳам инглизча жавоб қайтарган. Шундан сўнг улар ишга ўтишган, Нурсултон Назарбоев Катсудан ҳисоботини ўқишни сўраган: "Please, your report".

Университет раҳбари президентга "Назарбаев Университети"нинг 7 йиллик фаолияти тўғрисида ҳисоб берган. Шигео Катсу университет қошидаги тадқиқот институти ютуқлари ҳақида гапирган.