Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Жинпингнинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекин шаҳрига етиб борди. Президентга сафарда рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ҳамроҳлик қилмоқда.

Икки давлат байроқлари билан безатилган «Шоуду» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Президентни Хитой расмий шахслари кутиб олган.

Ташрифнинг асосий воқеалари 12—13 май кунларига белгиланган.

Президент Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жингпин, Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кецян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси Жан Децян ва бошқа раҳбарлар билан учрашув ва музокараларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Мантиқли прагматизм: Ўзбекистон Президенти Хитойга ташриф буюрмоқда

Ташриф дастурида Ўзбекистон Президентининг Хитой етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилади.

Олий даражадаги музокаралар якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга доир ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.

Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши режалаштирилган.

Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи чоғида 20 млрд долларга яқин шартнома имзоланиши кутилмоқда

Шавкат Мирзиёев шунингдек, 14—15 май кунлари Пекин шаҳрида «Бир камар, бир йўл» халқаро форумида иштирок этади.

Қайд этиш керакки, бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Хитойга илк ташрифидир.