Англиядаги шифохоналар катта кўламли киберҳужумлардан азият чекди. Компьютер вируси шифохоналарнинг компьютер тизимларини зарарлади. Хакерлар тизимлар ишини тиклаш учун пул талаб қилишган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда. 

Шифокорлар ижтимоий тармоқларда деярли бир вақтда бир қатор шифохоналарда техник носозлик юз бергани ҳақида хабар беришган. Уларнинг айтишича, улар компьютерларнинг хакерлар бошқарувига ўтиши ва киришни тиклаш учун 300 доллар талаб қилинаётгани ҳақида хабар олишган. 

Буюк Британия соғлиқни сақлаш департаментида хакерлар ҳужуми ҳақиқатан бўлганини тасдиқлашди ва ушбу муаммо ҳақида кейинроқ батафсил сўзлаб беришга ваъда қилишган. Шифокорларнинг маълум қилишларича, компьютерларга киришнинг йўқлиги билан бир қаторда улар беморлар ҳақидаги изоҳлар, рецептлар ва таҳлиллар натижаларини билиш имкониятидан маҳрум бўлганлар. 

Кўпчилик шифохоналар вақтинчалик беморларни қабул қилмай қўйганлар. Фақатгина шошилинч вазиятлар бундан мустасно бўлган. Шифохоналар вакиллари ижтимоий тармоқлар орқали британияликларни тинчликни сақлашга ва муаммога тушуниш билан қарашга чорлашган.