Сурия Араб Республикаси президенти Башар Асад Белоруссиянинг ONT телеканалига эксклюзив интервью берди. Суҳбат Дамашқда 9 май куни бўлиб ўтган. 

Башар Асад телеканал шарҳловчиси саволларига жавоб берар экан, Сурия халқининг асосий кучи ватанпарварлигида эканини таъкидлади. “Унинг миллий ўзлигини англаш даражаси юқори бўлгани маънавий кучига куч қўшади. Шу сабабли ҳар қандай қийин ҳолатга ҳам бардош бера олади. Гап фақат урушда ғалаба қозониш ҳақида бораётгани йўқ. Бугунги кунда янги глобал таҳдид кун тартибига чиқмоқда. Бу терроризмдир”, - деган президент Асад.

У терроризм ғояси ва нацизм мафкурасини таққослар экан, икки ғоя ва мафкура асоси бир хил, деган фикрни илгари сурди. 

“Нацистлар нимани хоҳлаган эди? Улар бутун дунёга ҳоким бўлишни исташди. Бугунги кунда Сурия халқи олиб бораётган терроризмга қарши уруш ҳам нацизмга қарши уруш кабидир. Чунки, айрим ғарб давлатлари, нацистлар каби, турли миллатлар ва элатларда нифоқлар ҳамда тартибсизликлар келтириб чиқариб, дунёга ҳукмрон бўлиш мақсадида терроризм воситасидан фойдаланмоқда. Улар дунёнинг заиф давлатларини ўзларига қарам ҳамда “қўғирчоқ” давлатларга айлантириш ниятидалар. Шунга кўра, террор бир вақтнинг ўзида шундай сиёсатнинг воситаси ва натижаси бўлиб қолмоқда”, -деган Сурия раҳбари. 

Унинг айтишича, минглаб йиллик тарихга эга бўлган Сурия халқи ғарб давлатлари қанчалик хоҳлашмасин, терроризм балоси қаршисида ўзаро парокандаликка учрамади, балки миллий бирлигини сақлаб қолди ва уни мустаҳкамлади. “Агар Сурия халқи менга ишонмаганда ёки ҳокимиятимни сақлаб қолиш учун курашаётганимни сезганида, бунинг учун етарли даражада зийрак, мен ҳамон президент лавозимида ўтирмаган бўлар эдим. Аммо, Сурия халқи сохта демократия ва озодлик нима эканини яхши тушуниб турибди”, - деган САР етакчиси. 

Башар Асад, шунингдек, журналистнинг Идлиб вилоятидаги кимёвий хуруж ҳамда АҚШнинг ракета зарбаларига нисбатан қарашига доир саволига ҳам жавоб қайтарди. Унинг фикрича, ғарб мамлакатларининг Сурия ҳукуматини Сурия халқига ёмон кўрсатишга бўлган уринишлари самара бермагач, улар бошқача йўлни танлашган. Улар Сурияга бостириб киришга тайёргарлик кўриш мақсадида Ғарб жамоатчилигининг Дамашққа нисбатан салбий фикрини уйғотишга интилмоқда. 

Асадга кўра, айни вақтда Америка раҳбари ўз маъмуриятида ва Конгресс билан келиша олмаяпти. Шунга кўра, унинг Сурияга зарба беришга қарор қилганини ички сиёсатдаги муаммоларни ҳал этиш истаги билан изоҳлаш мумкин. Шу билан бирга, Россия ва Эрон Идлибдаги кимёвий хуруж бўйича халқаро текширув ўтказишни талаб қилганига қарамай, Ғарб бунга рози бўлмади. 

Сурия раҳбарининг айтишича, унинг учун энг катта баҳони унинг халқи беради ҳамда Сурия халқининг унга ишониши катта мукофотдир. Шу боис, у раҳбарлик лавозимидан кетиш керак, деб ўйламайди. Асаднинг таъкидлашича, бирор ҳукумат ғарб мамлакатларининг манфаатларига жавоб бермай қолса, уни демократик тамойилларга мос келмасликда айблай бошлашади. Шу сабабли, Асад Ғарб давлатларини иккиюзламачиликда айблади. 

“Ғарб давлатлари ҳукуматлари ёки матбуотининг мен ҳақимдаги фикрлари мени умуман қизиқтирмайди. Менга халқимнинг ишончи ва баҳоси кифоя. Ахир, Ғарб урушдан аввал мени мақтаган, энди эса, мен ёмонман. Мен уларга ишонмайман. Улар иккиюзламачилардир. Мана шу асл ҳақиқат”, - деган Башар Асад.