Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, туман марказидаги Қаропчи маҳалласи марказида жойлашган, байрамона безатилган «Марварид» тўйхонасида етти жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи уларнинг яқинлари, вилоят жамоатчилиги иштирокида ўтказиб берилди.  

Вилоятнинг Мирзаобод, Сирдарё, Оқолтин, Боёвут ва Ховос туманларидан бўлган 14 нафар ёш янги ҳаётга қадам қўйган, 7та бахтли оилага асос солинган.   

«Президент эътибори – мурувват тадбирларида» шиори остида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тўйда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маданият ва санъат намоёндалари, нуронийлар ёшларни табриклаб, уларнинг янги, мустақил ҳаётида бахт ва омад тилади. 

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев  ва бошқалар президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар турмуш шароитини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган ушбу тўю-тантаналар ҳам кўплаб оилаларга қувонч ва шодлик улашгани, уларнинг кўп муаммоларига ечим топилгани қайд этилди. 

Тўйлар арафасида маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ёрдамида   келин-куёвлар истиқомат қилаётган хонадонлар таъмирланди. Оқолтин туманилик ёш жуфтлик – Зайнобиддин ва Шаҳноза Абдурасуловнинг хурсандчилиги қўша бўлди, тўй олдидан Оқолтин тумани ҳокимлиги томонидан келин-куёвга Сардоба қўрғонидан икки хонали квартиранинг калити топширилди. 

 «Шаҳнозахон Андижондан келин бўлиб келди. Рости, тўйимиз биз кутганимиздан-да аъло  тантана билан ўтди. Иккимиз ҳам чексиз ҳаяжон ва ҳайратдамиз. Бу ажойиб тадбир  ҳаётимиздаги энг қувончли кун сифатида бир умр ёдимизда қолади. Кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан, барча саховатли инсонлардан миннатдормиз», дейди Зайнобиддин. 

Тўй арафасида ҳомий ташкилотлар томонидан барча удумлар амалга оширилган. Барча келин-куёвларга Президент совғалари – мебеллар тўплами берилган. Муҳими, ишсиз келин-куёвлар ишга жойлаштирилган. Уларнинг ишга киргани ҳақида сертификатлар тўй тантанаси чоғида тақдим этилган. Эндиликда ёшлар янги оилаларини ўзлари молиявий таъминлай олиши кафолатланган. 

«Бизга никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш, никоҳимизни расмийлаштириш учун имтиёзлар берилди. Никоҳ тўйи маросимида ҳаммамизга никоҳ гувоҳномасини вилоят ҳокими тантанали топширди, биз жуда бахтиёрмиз», - дейди Боёвут туманилик ёш жуфтлик Дилнозахон ва Суннатилла Раупов.

Озода Мамадалиева,
Ishonch газетаси мухбири