Олимпия рамзи тасвирланган Бразилиянинг бир реаллик тангаси 5 йил ичида камида 100 маротабага қимматлашди. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда

Гап Рио-де-Жанейрога Олимпиада байроғининг топширилиши маросимига бағишланган танга ҳақида кетмоқда. Байроқ топширилиши тантанали маросими 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган ва шу йили ушбу хотира тангаси муомалага чиқарилган. Танганинг олд томонида Олимпиада ҳалқалари ва байроғи, 2016 йилги Олимпиада эмблемаси, мамлакат номи кўрсатилган. Тангани четини ўраб турган сариқ металлдан тайёрланган ҳалқада португал тилида "Олимпия байроғи топширилиши" ва "Лондон-2012 - Рио-де-Жанейро-2016" ёзуви туширилган.

Танганинг орқа томони эса бир реал (0,32 доллар) қийматдаги оддий танганики каби. Ушбу тангалардан 2 млн донадан кўпроқ чиқарилган. Рио-де-Жанейро марказидаги махсус дўконларда бундай танга 100 реалдан (32 доллар) таклиф қилинмоқда, интернетда уни яна ҳам қимматроққа сотиш мумкин: коллекционерлар у учун 160 реалдан (50 доллар) кўпроқ ҳақ беришмоқда.

"2012 йилда бу тангага ҳеч ким эътибор бермаган. Кейин эса ҳамма байроқ туширилган танга бошқа хотира пулларидан камроқ чиқарилганини англаган ва у ноёб тангага айланган", деб айтмоқда дўконлардан бирининг эгаси.

Рио-де-Жанейродаги XXXI ёзги Олимпиада 2016 йилнинг 5-21 август кунлари бўлиб ўтган. Ушбу ўйинлар Жанубий Америкада ўтказилган илк Олимпия ўйинлари бўлган.