Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Facebook Live доирасида сайловчилар билан савол-жавоб тарзидаги илк жонли эфирини ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда iTV News хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ушбу тадбир 15 май куни бўлиб ўтади ва iTV телеканали эфирида намойиш қилинади. Мэйнинг саволларга жавоб беришига 45 дақиқа ажратилди.

Бундай жонли эфирда кейинроқ бошқа сиёсатчилар – Жереми Корбин (Лейбористик партия ва мухолифат етакчиси), Никола Стержен (Шотландиянинг биринчи вазири), Тим Фаррон (Буюк Британия парламенти аъзоси), Пол Наттолл (Бирлашган қироллик мустақиллиги партияси етакчиси), Лианн Вуд (Уэльс партияси етакчиси) ва Кэролайн Лукас (Англия ва Уэльс яшиллар партияси етакчиси) ҳам иштирок этадилар.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия парламенти муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказилиши олдидан 3 май куни тарқатиб юборилди.