Боку шаҳрида жума куни IV «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Мусобақада 54 та давлатдан уч мингдан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. 

Ўйинларни Озарбойжон пойтахтида ўтказиш ҳақидаги қарор 2013 йилнинг июлида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерацияси ҳисобот-танлов Бош ассамблеясида қабул қилинди. Ўйинларнинг ёпилиш маросими 22 май куни ўтказилади.

Ўйинлар ташкилий қўмитаси раиси, Озарбойжон биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг маълум қилишича, спортчилар спортнинг 23 турида 16 та спорт майдончасида кураш олиб боради. Режага кўра, 1,6 минг медаллар ўйналади. Ўйинлар 50 давлатда трансляция қилинади, мусобақани миллиарддан зиёд телетомошабин кўради.

"Ал-Касс" араб спорт телеканали чоршанба куни Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Кувайт, Ливия ва Судан ўз жамоасини жўнатишдан бош тортганини хабар қилди. Шу билан бирга, телеканал бундан қарорга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритмаган.

Ўйинлар вақтида хавфсизликни таъминлаш учун Озарбойжон ИИВ шахсий таркибидан 12 минг киши жалб этилди. Бу ҳақда республика ички ишлар вазири Рамил Усубов хабар берган. Унинг айтишича, ўйинлар арафасида ва бевосита унинг давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг январида оператив штаб ташкил этилган. Озарбойжон давлат қўриқлаш Махсус хизмати бошлиғи Вагиф Охуновнинг сўзларига кўра эса, хавфсизликни таъминлашда вертолётлардан фойдаланилади, улар Боку Олимпия стадионида Ўйинларнинг очилиш маросимида ҳаво кўтарилади. Шунингдек Озарбойжон ИИВнинг барча идоралари 5-25 май кунлари кучайтирилган режимда ишлайди, патруль-пост нарядлари сони оширилади. Барча стратегик объектларни қўриқлаш янада кучайтирилади.

Ўйинлар ўтказиладиган кунларда туристлар учун экскурсиялар ташкил этилади, музей ва галереялар иш режими вақтинчалик узайтирилади, Боку шаҳрида жойлашган театрлардаги спектакллар матнларини рус ва инглиз тилларида тинглаш имкони яратилади. Бу ҳақда Озарбойжон маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев маълум қилган. Мамлакат ёшлар ва спорт вазирлиги раҳбари Озод Рагимовнинг сўзларига кўра эса, Ислом бирдамлик ўйинлари мусобақалари учун 500 мингдан ортиқ чипталар чиқарилади. "Очилиш ва ёпилиш маросими, шунингдек футбол ўйинларини тўғридан-тўғри эфирда трансляция қилиш режалаштирилмоқда. Бошқа мусобақалар томошабинларга спорт бюллетени шаклида тақдим этилади. Ўйинларни шунингдек Олимпия канали орқали трансляция қилиш ҳам кўзда тутилган", - дея айтиб ўтди у. Вазирнинг таъкидлашича, Ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимини ташкиллаштиришда 31 давлатдан бўлган беш мингдан зиёд ходимлар иштирок этади. “Маросимларда саккиз давлатда ишлаб чиқарилган саҳна асбоб-ускуналаридан фойдаланилади. Бу маросимлар Боку Олимпия ўйингоҳида бўлиб ўтади”, - деган вазир.

Пайшанба куни маълум бўлишича, бирдамлик Ўйинларида ғолиб чиққан озарбойжонлик спортчилар қарийб 59 минг доллардан олади, уларнинг мураббийлари эса – бу маблағнинг ярми билан мукофотланади. "Озарбойжон президенти Илҳом Алиев IV Ислом бирдамлик ўйинларида юқори натижаларга эришган озарбойжонлик спортчилар ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш ҳақидаги қарорга имзо чекди", - деб хабар қилган Алиев матбуот хизмати. Қарорга кўра, биринчи ўринни олган ҳар бир спортчи 59 минг доллар, унинг мураббийи – 29 минг доллар, иккинчи ўринни олган спортчи – 29 минг доллар, унинг шахсий мураббийи – 14,6 минг доллар, учинчи ўринни эгаллаган ҳар бир спортчи – 17,6 минг доллар, унинг шахсий мураббийи эса – 8,8 минг доллар маблағ билан мукофотланади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки,  IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”да Ўзбекистон шарафини 103 нафар спортчи спортнинг 15та турида ҳимоя қилади. Вакилларимиз енгил атлетика, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, каратэ, таэквондо, оғир атлетика, бокс, гандбол, ўқ отиш, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, теннис, пара-атлетика ва пара-дзюдо турлари бўйича мусобақаларда қатнашадилар.

Ўзбекистон спортчилари орасида Иван Ефремов (оғир атлетика), Рустам Джангабаев (оғир атлетика), Достон Ёқубов (оғир атлетика), Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо), Гулноза Матниёзова (дзюдо), Нигора Турсунқулова (таэквондо), Дмитрий Шокин (таэквондо), Никита Рафалович (таэквондо), Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика), Надия Дусанова (енгил етлетика), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Магомед Ибрагимов (эркин кураш), Ихтиёр Наврузов (эркин кураш), Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши), Вадим Скороваров (ўқ отиш), Сабина Шарипова (теннис), Садриддин Сайматов (каратэ), Александр Свечников (пара-атлетика), Дониёр Салиев (пара-атлетика) ва Севинч Салаева (пара – дзюдо) каби қатор халқаро мусобақалар иштирокчилари ва совриндорлари бор.  

Маълумот учун, турнир олимпиада ўйинлари каби 4 йилда бир маротаба бўлиб ўтади ва у Ислом мамлакатлари олимпиадаси деб ҳам аталади. Мазкур ўйинларнинг дастлабкиси 2005 йилда Саудия Арабистонида ўтказилган. Орадан тўрт йил ўтгач II «Ислом бирдамлик ўйинлари» Эронда ўтказилиши керак эди, аммо Эрон ва араб давлатлари ўртасидаги келишмовчилик туфайли мусобақа бекор қилинган. Ҳисоб бўйича учинчи мусобақа 2013 йилда Индонезиянинг Пеканбару шаҳрида ташкил этилган. 

Ўзбекистонлик спортчилар илк марта Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларида иштирок этади