11 май куни Аргентинада жойлашган Лос-Гласьярес миллий боғининг ташкил этилганига 80 йил тўлди. Бутунжаҳон меросининг бу объекти "музликларнинг энг чиройли боғи" номига эга ва сайёрамиздаги энг сирли жойлардан бири ҳисобланади. Боғ майдони Анд тоғ тизмасининг ёнбағирларида жойлашган. Боғ майдонниинг 30 фоиздан кўпроғи турли ўлчамларга эга музликлар билан қопланган ва улар Жанубий Патагония муз қалқонини ташкил қилади.

Бу музликлардан энг салобатлиси 30 км лик Перито-Морено бўлиб, у кўл устида 15 қаватли уй каби виқор билан туради. Музликдан вақти-вақти билан катта муз бўлаклари ажралади. Улар шовқин билан ажралиб, Архентино кўли юзасига урилиб, "бир денгиз" сув сачратадилар. Музликнинг фаоллигини кузатиш учун махсус кузатув майдончаси ташкиллаштирилган. 1981 йилда ушбу миллий боғ ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига ноёб табиий ҳудуд сифатида киритилган.

Суратлар манбаси: Shutterstock