Марказий осиёлик Муҳаммадюсуп Эрматовдан Санкт-Петербург метросида қўлланган портловчи қурилма каби бомба топилган. Бу ҳақда Москва судига асосланиб РИА Новости хабар тарқатди.

"Гумонланувчининг акаси айтишича, у портловчи қурилмани олиб келган, лекин қурилмани Жалиловдан олган", дея маълумот берган терговчи.

Адвокатнинг тасдиқлашича, портловчи қурилма ўз ҳимояси остидаги шахс яшаган квартирадан топилган.

"Аммо у бу квартирани бошқа бир оила билан биргаликда ижарага олган. Уйга бомбани айнан у келтирганига далил йўқ", деган оқловчи.

Суд Эрматовни 10 июнь кунига қадар ҳибсга олган. Унинг ўзи портлашга алоқадорлигини инкор этмоқда.

Эрматов 11 май куни Москвада портловчи моддани ноқонуний сақлашда айбланиб қўлга олинганди. У Қирғизистонда туғилган, Санкт-Петербургда вақтинчалик рўйхатдан ўтган ҳолда яшаган. Айни вақтда у "Терроризм" ва "Ноқонуний равишда қурол сақлаш" моддалари бўйича айбланмоқда.

Петербург метросининг «Сенная плошчад» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғидаги портлаш 3 апрель куни юз берган эди. Ҳодиса оқибатида 16 киши, жумладан, террорчи-худкуш Акбаржон Жалилов ҳам ҳалок бўлган, 50 га яқин киши тан жароҳати олган. Портлаш иши бўйича ҳозиргача 10 киши ҳибсга олинганди.