Европа чемпионатларида мавсум якунлаша боргани сари бир қатор футболчиларнинг ўз жамоаларини ўзгартириши ҳақида кўпдан-кўп хабарлар тарқалмоқда. Баъзи нашрлар баъзи футболчиларнинг баъзи жамоалар билан келишиб қўйгани ҳақида ёзмоқда. Шунингдек, қайси мураббий келгуси мавсумда қайси жамоани бошқариши аёнлашмоқда. Қуйида шундай эҳтимолий трансферлар кўриб чиқилади.

Серж Орье, 24 ёш, «ПСЖ»

Бу йил ёзида Орьеда жамоасини ўзгартириш учун сабаблар бор. Унинг амалдаги шартномас муддати 2019 йилга қадар тузилган ва раҳбарият ушбу ивуарлик футболчига янги шартнома таклиф қилаётган бўлсада, у рози бўлишга шошилмаяпти.

Сержда ажойиб истеъдодга эга футболчи, унинг кучи кўп, тезлиги зўр, техника жойида, ўйиннинг охирига қадар чарчамайди. У ўз қанотини ўйин давомида тўла ёпа олади. Асосий камчилиги - характер. Орьени қўлдаги гранатага қиёслаш мумкин, у одамнинг ўзини портлатиб юбориши мумкин, ундан яхшиси рақибга қарши фойдаланган маъқул. У муносиб мураббий қўлида янада кучайиши, дунёдаги энг яхши ўнг қанот ҳимоячиларидан бирига айланиши мумкин. 

Эҳтимолий трансфер: «Барселона», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити»

Трансфер қиймати: 15 млн евро, transfermarkt маълумоти

Бернарду Силва, 22 ёш, «Монако»

Лиги 1 чемпионатининг яна бир вакили, «Монако»нинг ўнг қанот ярим ҳимоячиси Бернарду Силва. Ҳеч кимда шубҳа йўқки, клублар бу ёзда монегасклар футболчиларини бўлиб олишади. Португалиялик бу футболчи бу мавсум жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланди, унга ҳатто «Барселона» ва «Реал» томонидан қизиқишлар пайдо бўлди. Унда ажойиб техника, майдонни яхши кўра олиш, тезлик, Лиги 1 нинг энг яхшиларидан бири бўлиш салоҳияти ва Мессига қиёслаш. Бундай футболчи учун 50 миллион евро сарфлашга тайёр жамоалар бир талай.

Бернарду Силва: «Испания ва Англия – энг яхши лигалар. Бу лигаларда ўйнашни орзу қиламан»

Эҳтимолий трансфер: «Реал», «Барселона», «Манчестер Юнайтед», «Челси»

Трансфер қиймати: 25 млн евро, transfermarkt маълумоти

Филиппе Коутиньо, 24 ёш, «Ливерпуль»

Кичкина бразилиялик сеҳргар йилдан-йилга кучаймоқда, аммо жароҳатлар унинг салоҳияти тўла очилишига йўл бергани йўқ. Коутиньо ҳозирги жамоасида ўз абмициялари самарасига эриша олмаяпти. Унга Каталониянинг «Барселона» жамоаси фаол равишда қизиқиш билдирмоқда. Бу вақтда эса «Ливерпуль» Коутиньонинг кетиши билан боғлиқ барча миш-мишларни инкор этмоқда, футболчи билан шартнома узайтирилган, аммо унинг сотилиши шу ёздаёқ амалга ошиши мумкин, унинг учун «Барселона» 70 миллион евро таклиф этмоқда.

Эҳтимолий трансфер: «Барселона»

Трансфер қиймати: 40 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Александр Ляказетт, 25 ёш, «Лион»

Ляказетт ўз клуби даражасидан ҳам, лига даражасидан ҳам юқорилаб кетди. Жорий мавсумдаги 28 ўйинда урилган 24 гол бунга исбот бўлиши мумкин. Александрнинг ўзи клубни тарк этиш ниятини яширмайди, унинг шу ёздаёқ трансфер бўлиши аниқ. ОАВ унинг номини кўп жамоалар билан боғлайди, энг жиддий қизиқиш «Атлетико» томонидан бўлмоқда, Май ойида у 26 ёшда бўлади, у ўз кучини бошқа чемпионатда ҳам синаб кўриши керак.

Александр Ляказетт: «Мен ўтадиган жамоа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқадиган бўлиши керак, «бей-беги» усулида ўйнайдиган эмас» 

Александр Ляказетт: «Ўйлайманки, бу мавсумда жамоамни ўзгартиришим керак»

Эҳтимолий трансфер: «Атлетико», «Боруссия Дортмунд», «Арсенал», «Ливерпуль», «Реал», «Барселона», «Ювентус»

Трансфер қиймати: 40 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Хамес Родригес, 25 ёш, «Реал»

Колумбиялик футболчи Зидан даврида захира ўриндиғига бутунлай михланди. Клубда у ва Искодан бирини танлашмоқда. Футболчи «Реал»да муваффақиятсизликка учради дейиш қийин, аммо у бу ерда етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Жамоа президенти уни ёзда сотиши мумкин. Хамес ҳам фаолиятида янги даврни бошлашга қарши бўлмайди. У ўзини тўлароқ намоён этишни истайди. Агар жамоага Азар олиб келинадиган бўлса, колумбиялик футболчида ўйнаш учун деярли имконият қолмайди. Бу вазиятдан эса бошқа жамоалар фойдаланиб қолишлари мумкин. Катта маблағ тўлашга тўғри келади, аммо «Монако»нинг собиқ футболчиси умидларни оқлай олади. Айни вақтда унга асосий даъвогар «Манчестер Юнайтед» бўлиб турибди. 

Эҳтимолий трансфер: «Манчестер Юнайтед», «Интер», «Ливерпуль», «Челси»

Трансфер қиймати: 50 млн евро, transfermarkt бўйича

 

Антуан Гризманн, 26 ёш, «Атлетико»

Ёзда «Атлетико»да жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жамоа хўжайинлари француз футболчини таркибда сақлаб қолишни истасада, Диего Пабло Симеоне бош мураббийликдан кетса, Гризманни ҳам олиб қолишнинг имкони бўлмайди. Ла Лиганинг энг яхши футболчиларидан бирига талабгор клублар навбат ҳосил қилишган? Энг жиддий қизиқиш «Манчестер Юнайтед» томонидан билдирилмоқда.

Жорий мавсумда ушбу футболчи 34 учрашувда 16 гол урган, 7 голга узатма берган. У жамоаси билан Чемпионлар лигасини тарк этди. Гризманн ҳозирги жамоасида совринларга эга чиқмаяпти ва у ёзда бошқа жамоага ўтиши ҳеч кимни ҳайрон қилмайди. У ёзги трансферлар вақтидаги асосий трансфер бўлиши ҳам мумкин.

Эҳтимолий трансфер: «Манчестер Юнайтед», «Реал», «Манчестер Сити»

Трансфер қиймати: 80 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Эктор Беллерин, 22 ёш, «Арсенал»

«Ла Масия» тарбияланувчиси Алекс Окслейд-Чемберлен билан рақобат қилмоқда, у канонирларнинг ҳозирги схемасида базан захирада қолади. Футболчининг ўзи мавсум аввалида Испанияга қайтмоқчи эмаслиги ва «Арсенал» билан узоқ муддатли шартнома тузмоқчилигини айтганди. Аммо кейин ёш испаниялик ўз позициясини ўзгартирди ва бошқача интервьюлар бера бошлади. Унга асосий талабгор «Барселона» ҳисобланади, Эктор бу жамоада узоқ йиллар давомида асосий таркиб аъзоси бўлиши мумкин. Қолаверса, «Арсенал» ҳамиша асосий футболчиларини катта маблағ эвазига сотишдан қайтмаслиги одат бўлиб қолган, шу туфайли бу трансфер амалга ошиши кутилмаган иш бўлмайди.

Бу мавсумда Беллерин 29 ўйинда майдонга тушди ва икки голга узатма берди.

Эктор Беллерин: «Барса»дан қизиқиш мавжудлиги – алоҳида ҳодиса»

Эҳтимолий трансфер: «Барселона», «Манчестер Сити»

Трансфер қиймати: 25 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Тома Лемар, 21 ёш, «Монако»

«Монако» футболчилари олдиндаги ёзги трансферларда харидоргир бўлиши кутилмоқда. «Ювентус»га қарши ЕЧЛ ярим финал ўйинларида «Монако»нинг бу ёш яримҳимоячиси ҳаммадан кўпроқ ўзини кўрсатди. Гап шундаки, Италия гранд жамоаси Лемарга жиддий равишда қизиқиш билдирмоқда. Асли гваделупалик 21 ёшли футболчи барча топ-клубларнинг скаутлари назарига тушган. Оммавий ахборот воситалари ҳаттоки «Манчестер Сити» «Монако»нинг бир йўла тўрт ёш футболчисини харид қилиши борасида миш-мишни болалатиб юборишганди —Лемардан ташқари бу рўйхатдан Менди, Фабиньо ва Мбаппе ўрин олганди. Лекин «миш-мишлар» ичида энг ҳақиқатга яқини «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақидаги маълумотдир, бу жамоада ўнг қанот яримҳимоячиси позициясида дароз марказий ҳужумчи Марио Манжукич ўйнатилмоқда. «Монако» бу футболчини 4 млн евро эвазига қўлга киритган, унга «Бавария», «Челси» ва «Атлетико»дан ҳам қизиқиш мавжуд.

Жорий мавсумда Лемар Франция чемпионати доирасида 31 учрашувда майдонга тушган ва 9 гол уриб, 8 голга ҳаммуаллиф бўлган.

Эҳтимолий трансфер: «Ювентус», «Манчестер Сити», «Челси»

Трансфер қиймати: 20 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Давинсон Санчес, 20 ёш, «Аякс»

Агар ҳали бу футболчи ҳақида эшитмаган бўлсангиз, унинг иштирокидаги ўйинларни кузатишни бошланг. Ишончли ва жисмонан бақувват ҳимоячи, 1-2 йилдан кейин унинг трансфер баҳоси икки ёки уч баробар ортиши мумкин. Колумбиялик бу футболчи Нидерландия чемпионатининг жорий мавсумида 31 учрашувда майдонга тушди ва 5 гол уриб, 2 голга узатма берди. Унга «Барселона» ва «ПСЖ» томонидан қизиқиш мавжуд.

Санчеснинг ўйин услуби Байи ва Умтитини эслатади. Клуб бу футболчини сотиш орқали катта маблағга эга бўлиши мумкин. 

Эҳтимолий трансфер: «Барселона», «ПСЖ»

Трансфер қиймати: 7,5 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Андреа Белотти, 23 ёш, «Торино»

Андреа ҳозирги клуби даражасидан ўсиб кетган ва у янги чақириқларни қабул қилишга тайёр. Унинг мавсумдаги 32 ўйинда урган 25 голи кўп нарсадан дарак. Фабио Каппеллонинг у ҳақда айтган мақтови унинг салоҳиятини кўрсатади. «Торино» бу футболчиси учун 100 млн евро талаб қилаётган бўлсада, уни таркибда сақлаб қола олмаслиги аёнлашмоқда. Мавсумлар оралиғида бу тезкор голеадор юқори савияли клуб сафида пайдо бўлади, албатта 100 млн евро эвазига эмас.

Фабио Капелло: «Белотти Европадаги энг кучли ҳужумчилардан биридир. Унинг техникасини ҳисобга оладиган бўлсак, у Батистутадан ҳам кучлироқ»

Эҳтимолий трансфер: «Манчестер Юнайтед», «Челси»

Трансфер қиймати: 30 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Альваро Мората, 24 ёш, «Реал»

Мадрид жамоаси тарбияланувчиси, ўтган мавсумда клуби томонидан 30 млн еврога қайтадан сотиб олинган бу футболчи ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Зиданга Бенземадан яхшироқ эканини исботлай олмаяпти. Захирадаги энг фойдали футболчи «Реал»ни мавсум давомида кўп марта қутқариб қолди. У жами 24 ўйинда 15 гол урган, 5 голли узатма муаллифи бўлган.

У етарли даражада амбицияга эга футболчи, «Реал» бошқа ҳужумчи қидираётган вақтда унинг қолиши мантиқсиз бўлади. Унга АПЛнинг бир қатор жамоаларидан қизиқиш мавжуд. 

 

Эҳтимолий трансфер: «Челси», «Манчестер Юнайтед»

Трансфер қиймати: 40 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Алексис Санчес, 28 ёш, «Арсенал»

Чемпионлар Лигасида навбатдаги муваффақиятсизлик, кейинги мавсумда бу турнирсиз қолиш эҳтимоли бу футболчининг ҳафсаласини пир қилгна. Бундай амбицияли ва характерга эга футболчининг сабри тугамоқда. Англиядаги ва Европадаги кўплаб клублар ушбу чилилик футболчига фаол равишда қизиқиш билдирмоқда. Энг жиддий таклифлар «ПСЖ» ва «Бавария» томонидан берилган. Парижликлар клуби президенти Носир Ал-Ҳелайфи Алексис трансфери билан шахсан шуғулланишга киришган. Санчес «Арсенал»да кўп ҳолларда бор масъулиятни ўз зиммасига олмоқчи бўлади ва бу жамоа ўйинига таъсир кўрсатади. У АПЛнинг жорий мавсумида 35 ўйинда 20 гол урган, 10 голга пас берган. Лондонликлар жамоаси раҳбарияти ушбу футболчи сотувидан катта маблағ ишлаб олиши мумкин.

Эҳтимолий трансфер: «Бавария», «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Челси», «Атлетико», «Ювентус»

Трансфер қиймати: 65 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Марко Верратти, 24 ёш, «ПСЖ»

Верратти ўз олдига «ПСЖ» билан ЕЧЛ ғолиби бўлишни мақсад қилган, аммо Каталониядаги муваффақиятсизлик унинг Франция пойтахтида қолишини шубҳа остида қолдирган. 

Верратти дунёдаги исталган жамоани кучайтира олади, ОАВ унинг номини Бавариядан тортиб Реалгача боғламоқда. Энг жиддий қизиқиш эса «Ювентус» ва «Барселона»дан. Яхшигина пул ва футболчининг истагидан келиб чиққан ҳолда, «ПСЖ» бу етакчиси билан хайрлашишга рози бўлиши мумкин. Жорий мавсумда италиялик ушбу футболчи 27 ўйинда 3 гол урган ва 4 голга узатма берган.

Верраттининг агенти: «Маркога совринлар керак. Франция чемпионатини ҳурмат қилган ҳолда айтаманки, бу чемпионат ғолиблиги унинг мақсади эмас»

Верраттининг агенти: «Марко катта ғалабаларни истайди, «ПСЖ»да эса бу имконсиз»

 

Эҳтимолий трансфер: «Барселона», «Ювентус»

Трансфер қиймати: 40 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Тео Эрнандес, 19 ёш, «Атлетико»

Бу ёш франциялик футболчи учун Ла Лига грандлари ўртасида жиддий кураш кечди. Трансфер ҳуқуқи «Атлетико»га тегишли бўлган Тео бу мавсумни «Алавес»да ижара асосида ўтказди. «Реал» ва «Барселона» бу футболчи учун рақобатлашди. Охирги хабарларга кўра ёш футболчи «Реал»ни танлаган ва жамоа билан дастлабки келишувга эришган.

Атлет, тезкор ва яхши зарбага эга. У жорий мавсумда 31 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урди ва 4 голли узатма муаллифи бўлди.

Эҳтимолий трансфер: «Реал», «Барселона»

Трансфер қиймати: 10 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Жан-Микаэль Сери, 25 ёш, «Ницца»

Лиги 1 чемпионатининг жорйи мавсумидаги асосий юлдузлардан бири. У «Ницца»да майдон эгасига айланади. У аниқ чиқувчи узун паслари, майдонни кўра билаш қобилияти билан алоҳида ажралиб туради. Унга «Барселона» қизиқиш билдирмоқда. Ивуарлик бу футболчи баланд бўйли эмас, лекин жамоа ўйинини ўз бўйнига ола олади. «Ницца»нинг муваффақиятли мавсумида унинг ҳам каттагина ҳиссаси бор. Футболчи учун кўплаб клублар рақобат қилмоқда, унинг трансфер қиймати20-25 млн евро атрофида бўлади.

У мавсум давомида 32 ўйин ўтказган, 6 гол урган ва 10 голга узатма берган. 

 

Эҳтимолий трансфер: «Барселона», «ПСЖ», «Арсенал», «Тоттенҳэм»

Трансфер қиймати: 12 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Виргил ван Дейк, 25 ёш, «Саутҳемптон»

«Саутҳемптон» футболчисисиз трансфер ойнаси бўлганми? Ва албатта бу жамоа футболчисига «Ливерпуль» томонидан қизиқиш бўлади. Ван Дейк январь ойида тиззасидан жароҳат олиб, 3 ойга сафдан чиққунича ажойиб ўйинлар кўрсатаётганди. АПЛнинг барча топ клублари унга қизиқа бошлади. Унинг жароҳат олиши бу қизиқишларни бироз сўндирган бўлиши мумкин, аммо нидерландиялик бу ҳимоячи кейинги мавсумни янги клубда бошлаши ҳақиқатга яқин.

Жейми Реднапп: «Ван Дейк – АПЛдаги энг яхши марказий ҳимоячи»

Эҳтимолий трансфер: «Челси», «Арсенал», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед»

Трансфер қиймати: 25 млн евро, transfermarkt маълумоти

 

Килиан Мбаппе, 18 ёш, «Монако»

Бу ёш француз охирги ярим йилда ҳамманинг тилида. Уни кимлар билан таққослашмади? Унинг мавсум ярмидан бошлаб кўрсата бошлаган ёрқин ўйинлари, ЕЧЛдаги 5 голи ва «Монако»нинг узоқ йиллардан кейин чемпионлик сари боришидаги каттагина ҳиссасини эътироф этмай илож йўқ. Бундай ҳолатда уни Европа грандлари беэътибор қолдириши мумкин эмасди. Унинг терма жамоада жуда эрта дебют қилиши, ажойиб статистикаси, тезлиги ва техникаси ҳар қандай жамоани ўзига жалб этади. 

Унинг трансфер қилинишига шубҳа йўқ, у ёзнинг энг шов-шувли трансферига айланиши ҳам мумкин. Унга «Реал» катта пул тўлашга тайёр, Флорентино Перес навбатдаги президентлик сайловлари олдидан ушбу талантни жамоа сафига қўшиб олиш орқали нуфузини янада ошириши мумкин.

«80 млн евро учун «Монако» Мбаппенинг фақат бир оёғини сотади»

Эҳтимолий трансфер: «Реал», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед»

Трансфер қиймати: 10 млн евро, transfermarkt маълумоти