Юртимиз кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган автомобиллардаги байроғимиз тасвири туширилган тасмаларни кўрдингизми? “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни” деган ёпишқоқ этикетларни олгандирсиз?! 

Бу шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланган ва шукуҳи  ҳали ҳам давом этаётган байрам кайфиятидан бир лавҳа. Очиғи, бу йилги байрам ўзгача бўлди. Бундай кўтаринкилик қутлуғ санага тайёргарлик кўришдан бошланиб, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги сўлим гўшада ташкил этилган маърифий дастурда ҳам яққол акс этди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга тоширилган ишлар каттаю-кичикни тўлқинлантириб юборди. Тасаввур қилинг: ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табриги, 2 миллион сўмдан пул мукофоти, навбатсиз машина олиш учун сертификат топширилди, эҳтиёжмандларга уй берилди...

Айём арафасида интернет тармоғи орқали Хотира ва Қадрлаш кунини янада кенг тарғиб этиш, унинг тадбирлари ҳақида нафақат юртдошларимиз, балки чет элликларни ҳам яқинроқ таништириш мақсадида “#Xotirauz” акцияси кенг ўтказилди. Бир неча кун мобайнида ушбу хештэг ёрдамида ижтимоий тармоқларни юртимиздаги 9 май санаси билан боғлиқ турли тадбирлар қамраб олди. 

Ўзбекистон иқтидорли ёшларга бой мамлакат саналади. Бугун йигит-қизларимиз ўз билимларини кучайтириш мақсадида нафақат юртимиз, шунингдек, хорижнинг турли давлатларидаги олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олишаяпти. Эътиборолиси, бу навқирон авлод вакилларининг аксарияти ўзи ўқиётган мамлакатда Хотира ва Қадрлаш кунини фаол тарғиб этишди. Масалан, Хитойнинг Zhejiang Normal University талабаси Достон Эрматовни олайлик. У Хотира ва Қадрлаш куни тасвири акс этган лавҳани ўқитувчи ва дўстлари билан бирга тарғиб қилиб, фэйсбук ижтимоий тармоғида сурати ва дил сўзлари билан эълон қилди.

— Тинч ва осойишта юртда туғилганимдан жуда ҳам фахрланаман, — деб ёзади Достонбек.  — Ота-боболаримиз юрт тинчлиги учун жонини фидо қилишган. Биз, ёшлар уларни ҳар доим эслаб юришимиз, кексаларни йўқлаб, кўтаринки кайфият ва қувонч улашиб, уларнинг дуосини олишимиз керак. Ахир, қарияларнинг дуосида хислат кўп. Ўқишларими аъло даражага тугатиб, она юртимга беминнат ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.

Токио жаҳон тиллари университети талабаси Гулжаҳон Назарова эса Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан юртимизда ўтказилган тадбирларни япониялик дугоналарига ҳам фахр билан айтиб берди. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, жумладан, шундай дейди: 

— Ҳар биримизнинг боболаримиз фронтда жанг қилган. Хотира ва Қадрлаш куни ёшларга бизнинг тинчлик ва келажагимиз учун ўз жонини фидо қилган боболаримизни ёд этиш, зиёрат қилиш ва тинчликнинг қадрига етишга ундайди. Бу каби лойиҳалар нафақат Ўзбекистондаги ватандошларимизни, балки бутун дунёдаги ҳамюртларимизни ҳам бирлаштирувчи бир тадбир десам муболаға бўлмайди. 

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти боғида бўлиб ўтган Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Fалабанинг 72 йиллигига бағишланган байрам тадбири ҳам фэйсбук, твиттер ва бошқа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинди. Чунончи, боғда “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни”, “Fалаба байрамингиз муборак бўлсин!”, “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!”, “Ватан ўз қаҳрамонларини унутмайди” каби ёзилган шиорлар, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий қурол-аслаҳалар, танклар, автомототранспорт воситалари, шунингдек, ўша давр ҳарбий хизматчиларининг хизмат шароити акс эттирилган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, фойдаланувчилардан бири Қобил Ражабов шундай ёзади: “Ўзбекистон халқи Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлаётгани ва бундай байрам учун Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевга катта раҳмат! ”

Яна бир фойдаланувчи Валерий Шепоткин эса “Боғда бундай кўргазмани ташкил этилиши тарбиявий жиҳатдан катта маънога эга. Вояга етаётган авлод фашизм устидан қозонилган ғалаба учун ота-боболаримиз жон фидо қилганини чуқур билиши ва мустақилликнинг қадрига етиши керак”.

Пойтахтимиздаги “Дўстлик” боғида ўрнатилган Шомаҳмудовлар монументи ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Умида Аҳмеджонова “Бу жуда ажойиб воқеа. Чунки Ўзбекистон барча халқларни ўзида бирлаштирган, кўп миллатли мамлакат. Қойил” деб ёзган. 

Бу воқеа қўшни мамлакатлар вакилларида ҳам катта таассурот қолдирди. Хусусан, Олмаотадан Олтиной Қамбарқизи “Тошкентга бориб, Шомаҳмудовлар пойига гул қўйиб келмоқчиман. Ўзбек халқининг меҳр-муҳаббати чексиз ифода этган бу оила олдида таъзим қиламан... Сизлар билан фахрланаман” 

Мунавар Шукурова исмли фодаланувчи эса “Хотира ва Қадрлаш кунидаги ажойиб сценарий учун катта раҳмат” деб ёзади. 

Президентимизнинг қарорига мувофиқ, 9 май куни кеч соат 21:00да мушаклар отилди. Ранг-баранг бундай мўъжизани шу куни Тошкентдан кўриш мумкин бўлди. Айниқса, ҳозирда ҳам ушбу мушакбозликни тасвирга туширганлар интернет тармоғида кенг тарқатмоқда. 

“Чиройли, ажойиб мушаклар отилди” деб ёзади, Вазген Геворкян. Фируза Исматова эса “Бу салютлар мусаффо осмон, фаровон ҳаётимиз учун” деб изоҳлаган. 

Бир сўз билан айтганда, бу йилги Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари ҳамманинг ҳайратига сазовор бўлди. 

Омонулла Файзиев тайёрлади