Индонезия жанубидаги соҳил бўйида улкан ўлчамдаги номаълум маҳлуқ жасади топилди. Бу ҳақда The Daily Mirror нашри хабар бермоқда. 

Нашр маълумотларига кўра, келиб чиқишини ўрнатишнинг иложи бўлмаган маҳлуқнинг чириётган жасадини 37 ёшли Арсул Туанокота Серам оролининг шимолий соҳилида аниқлаган. Унинг айтишича, у дастлаб денгиз маҳлуқини саёзликка ботиб қолган қайиқ деб ўйлаган.

Маҳлуқнинг жасади узунлиги 15 метрни, эни 2 метрни ташкил қилган. Маълум фурсатдан кейин маҳлуқни ўз қўзлари билан кўриш учун бу ерга маҳаллий аҳоли оқиб кела бошлаган. Улардан баъзилар бу жасад улкан кальмар ёки китга тегишли бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган. 

Маҳаллий аҳоли ҳукуматга соҳилдан ёқимсиз ҳид тарқатаётган жасадни олиб ташлаш илтимоси билан мурожаат қилишган. Таъкидланишича, океаншунослар жасад тўқималаридан намуналар олишга улгуришган.