Исроилнинг StoreDot компанияси муҳандислари шу кунларда Берлинда бўлиб ўтаётган CUBE Tech Fair кўргазмасида янги FlashBattery технологиясини намойиш этишди. Янги технология электромобилни атиги 5 дақиқада зарядлаш имконини беради.

Батарея ўта тезкор қувватни таъминловчи наноматериаллар ва патентланган органик бирикмалар қатламларидан ташкил топган. Компания ушбу роликда аккумулятор қандай тузилишга эга эканини кўрсатиб берган.

Аккумулятор ишлаб чиқаришнинг кўплаб замонавий тенденциялари катта масофани босиб ўтишга йўналтирилган бир пайтда FlashBattery заряд тезлигига урғу беради. Бир марталик заряддан кейин машина 500 километрни босиб ўта олади. Таъкидлаш жоизки, Tesla компаниясининг SuperCharger станциялари автомобиль аккумуляторини тўлиқ зарядлаши учун тахминан 75 дақиқа сарфланади. 

StoreDot'да таъкидланишича, FlashBattery электромобилларда қўлланувчи аксарият замонавий батареяларга нисбатан хавфсиз. 

StoreDot ҳозирда ўз технологиясини смартфонларда қўллаш имконини ўрганиб чиқмоқда. 

Компания вакилларининг сўзларига кўра, янги батареялар уч йил ичида бозорга чиқади.