Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2026 йилларда комбинатни ривожлантириш дастурлари яқин 10 йилда тарихий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб беради. 2017-2026 йилларда 3 миллиард 63 миллион долларлик 27 лойиҳанинг амалга оширилиши комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириб, 31 мингга яқин янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади. 

Дастурга кирган жами 27 лойиҳадан 14 тасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, шартномалар имзоланган, керакли жиҳозлар етказиб берилмоқда ҳамда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Қолган 13  лойиҳа бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, 3 лойиҳа бўйича геологик-қидирув ишлари, 4 лойиҳада тажриба-тадқиқот ишлари якунига етказилмоқда. Шу билан бирга 6 лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. 

Эътиборга лойиқ жиҳати, Президент томонидан белгилаб берилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг Учқудуқ, Томди, Конимех, Нурота, Қўшработ каби туманларида янги конлар ўзлаштирилиб, икки гидрометаллургия заводи қурилади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма барпо этилади. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари модернизация қилиниб, қўшимча иш ўринлари яратилади ва натижада юқорида номлари қайд этилган туманларда маҳаллий бюджетлар даромад қисми ошади. 

"Кун.уз" мухбирининг соҳадаги муаммолар ҳақидаги саволига Навоий кон-металлургия комбинати директорининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари Нурмат Жўлибековнинг жавоб беришича, маълум бир вақт давомида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўлган. "Комбинат 24 соат давомида тўхтовсиз ишлайди, фақат авариялар вақтидагина узилишлар бўлади. Бу эса нафақат заводга, балки соҳага зарар келтиради. Сўнгги 3 йилда бундай ҳолат деярли кузатилмаяпти. Бу борада Махсус комиссия тузилган бўлиб, у мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериб келмоқда". 

Шу пайтгача бўлган, лекин яқиндагина ҳал қилинган муаммолардан бири - олий таълим муассасаларида мазкур соҳа бўйича сиртқи бўлимни ташкил қилиш. Маълум бўлишича, бу борада ўн йилдан бери мурожаат қилиниб келинган, ҳозирда ушбу муаммо ўз ечимини топди. 

Ш.Мирзиёевнинг «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида сиртдан ўқиш имконияти пайдо бўлиши ҳақида бундан аввал хабар берилган эди. 

Бир нечта таълим муассасаларида сиртқи бўлим очилади