Тошкент шаҳридаги Parus оилавий кўнгилочар маркази имконияти чекланган болалар учун навбатдаги хайрия тадбирини ташкил этди. Бу ҳақда марказ маъмурияти «Кун»га хабар берди.

Тадбир «Parus билан мўъжизалар вақти» деб номланган бўлиб, 10 май куни бешинчи бор ўтказилди. Унда 70 нафарга яқин ногирон болакайлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. 

Уларга марказнинг иккинчи қаватидаги болалар аттраксионлари бепул хизмат кўрсатди. Тушлик, ичимлик ва ширинликлар эса Barbeque Burger, Сочная Долина, Рецепт Счастья брендлари томонидан ташкил этилди.

Шунингдек, Азиза Низомова ва Manhattan гуруҳи ўзларининг қўшиқлари билан болакайларни рақсга чорлашди, Елена Старостина ва унинг жамоаси совунли кўпиклар билан болаларни шод этишди.

Бундан ташқари бошқа актёр, аниматорлар ҳам тадбирда иштирок этишди. «Время чудес» хайрия ташкилотининг волонтёрлари тадбирни ташкил этишда яқиндан ёрдам беришди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, иштирокчиларнинг кўпчилиги фарзандларини шундай кўнгилочар марказларга олиб боришга, айлантиришга қурби етади, аммо барибир фарзандлари ўзгача эканлигини ҳис қилишади.

Шу боис, Parus жамоаси ойда бир марта имконияти чекланган болакайларни ўз майдончаларида тўпламоқда ва улар ҳам бошқа болалар каби қувнашларига ёрдам беришмоқда.

Кейинги «Parus билан мўъжизалар вақти» эса июнь ойининг илк 10 кунлигида бўлиб ўтади. Марказ барча хоҳловчиларни таклиф этади.