Украина президенти Пётр Порошенконинг фикрича, мамлакат Европа иттифоқи билан визасиз режимни олиб, “Россия империясидан ажралишни якуний тарзда расмийлаштирди”.

"Мен шуни айтмоқчиманки, бугун Украина Россия империяси билан ўз ажримини якуний равишда расмийлаштирди. Буни айнан шундай тарзда, файласуфона қабул қилишимиз керак", - дея маълум қилган Порошенко пайшанба куни Украинанинг "1+1" телеканалига.

Шунингдек унинг фикрича, визасиз режим “Украинани Европа давлатлари таркибидаги тарихий жойига қайтаради”.

Европа иттифоқи вазирлар кенгаши 11 май куни махсус қарорни маъқуллади. Унга кўра, Украина фуқароларига ЕИ иштирокчи-давлатлари ҳудудига ярим йил ичида 90 кунга визасиз кириш ҳуқуқи тақдим этилади.

Бундан ташқари, Пётр Порошенконинг фикрича, Европа иттифоқининг Украина фуқароларига визасиз режимни тақдим этиши Қрим ва Донбассни Киев назорати остига қайтаришда катта ўрин тутиши мумкин.

Аввалроқ Украина президенти визасиз режим ҳақидаги келишув 17 май куни имзоланишини маълум қилганди. Шундан сўнг қарор ЕИ расмий ахборотномасида эълон қилинади ва 20 кундан кейин украиналиклар Европа иттифоқига визасиз бориши мумкин бўлади. Кутилишича, визасиз режим тахминан 11 июнь кунидан кучга киради. Шу билан бирга, ЕИ Кенгашининг маълум қилишича, Европа иттифоқи Украина билан визасиз режимни миграция ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар юзага келса, тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин.

"Бизга визасиз режимнинг тақдим этилиши Қрим ва Донбассни истилодан чиқариш соҳасидаги сиёсат учун жуда муҳим. Босиб олинган ерларни сиёсий-дипломатик йўл билан қайтарилиши ҳақида гапирар эканмиз, бу аҳолига яхши шароит яратишни назарда тутади. Шунда улар Украина ҳудудига қайтиш ва бизнинг паспортларни олишдан манфаатдор бўлади", - дея айтиб ўтган Порошенко "1+1" эфирида.

Украина президенти Киев назорати остида бўлмаган Донбасс ҳудудидаги ҳаёт шароитини даҳшатли, деб атади.

"Украинада ислоҳотлар амалга оширилаётган, ассоциация ҳақидаги келишув ратификация қилинаётган, сармоявий жозибадорликни ошириш учун реал қадамлар қўйилаётган бир шароитда ҳар бир фуқаро визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқига эга, бу қўшимча мотивация", - дея ҳисоблайди Порошенко.