Римдаги почта бўлинмаларидан бири яқинида ишга туширилган портловчи қурилма таймерга эга бўлган ҳамда профессионал томонидан тайёрланган. Бу ҳақда журналистларга полиция вакили хабар берди.

Портлаш жума куни эрталаб Италия пойтахти марказидаги Авентино кўчасида юз берди. Почта бўлинмаси ёнидаги автотураргоҳда қолдирилган иккита автомашина ўртасида жойланган портловчи қурилма ишга туширилган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Рим прокуратураси суриштирув бошлади, дастлабки тахминларга кўра, бу маҳаллий анархистларнинг норозилик акцияси бўлиши мумкин.

"Йиғилган далилларга кўра, бир портловчи қурилмадан ёнувчи суюқлик пилтаси ёрдамида иккита портлаш эмас, балки иккита баланд товуш келтириб чиқарилган. Механизмда таймер бўлган, бироқ радиобошқарув бўлмаган", - дея маълум қилди полиция вакили Массимо Импрота.

Унинг таъкидлашича, қурилма бу соҳадан яхши хабари бор шахслар томонидан тайёрланган.

Импротанинг сўзларига қараганда, рўй берган ҳодиса “намойишкорона акция” бўлган ҳамда унинг ташкилотчилари жабрланганлар ёки қурбонлар бўлишини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишмаган. Ҳодиса учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.