Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган фуқаро қўлга олинди. Айни вақтда, у Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш масаласи ҳал этилишини кутмоқда. 

Самара вилоятининг Чапаев шаҳридаги «Техпром Поволжья» МЧЖда шаҳар прокуратураси Россия ИИВ ҳамда ФХХ ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган қўшма тадбир натижасида Ўзбекистоннинг 45 ёшли фуқароси қўлга олинган. У ҳалқаро қидирувга берилган бўлган, деб хабар қилмоқда ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораси. 

Муҳожир Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «Икки ёки ундан кўп одамларни Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан олиб ўтиш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиш билан бирга сотиш» моддаси бўйича айбланмоқда.

Чапаев шаҳар суди қарорига кўра, ҳибсга олинган шахс Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш қарори қабул қилингунча қамоқда сақланади.