АҚШ ва Жанубий Корея Шимолий Корея раҳбариятига суиқасдга уриниш туфайли узр сўраши ва айбдорларни жазолаши керак. Бу ҳақда КХДРнинг Россиядаги элчиси Ким Хен Чжун маълум қилди.

"Биз уларни қаерда бўлмасин қидириб топамиз, Жанубий Корея разведка хизмати ва Америка МРБнинг ҳозирги йирик террорчилик акти ташкилотчиларини ва ўзимизнинг аксилтеррорчилик фаолиятимиз билан албатта йўқ қиламиз. Шунинг учун АҚШ ва Жанубий Корея бу актга тайёргарлик кўргани учун узр сўраши, шунингдек, бу террорчилик акти айбдорлари ва ташкилотчиларини жазолаши лозим", - деди у.

Ўтган ҳафта КХДР миллий хавфсизлик вазирлиги вакиллари АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Жанубий Корея разведка хизмати шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Инга номаълум биокимёвий модда ёрдамида суиқасд қилишни режалаштиргани ҳақида маълум қилди.

Синьхуа агентлиги хабарига кўра, Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Хан Сон Рель Пхеньян суиқасдга тайёргарлик кўришда гумонланаётганлар топширилишини талаб қилмоқчи экани ҳақида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, КХДР “корейсча услубда аксилтеррорчилик урушига” дарҳол киради ва унинг “босқичма-босқич” олиб боради.

Бу баёнотлар КХДРда АҚШ фуқароларининг ҳибсга олиниши фонида юз берди. Апрель охирларида КХДРда америкалик фуқаро Тони Ким қўлга олингани маълум бўлди. Шундан сўнг Рейтер агентлиги Корея Марказий телеграф агентлигига асосан АҚШнинг яна бир фуқароси давлатга қарши фаолият олиб боришда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берди.