Таркибига халқ мудофааси отрядлари (YPG ва YPJ) кирувчи Сурия Демократик кучлари (SDF) отрядлари 11 май кечки пайт АҚШдан қурол-аслаҳа ва зирҳли техника олди, деб хабар берди Сурия Демократик кучларидаги манба РИА “Новости” ахборот агентлигига.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркиянинг эътирозига қарамай, 8 май куни Сурияда ИШИДга қарши кураш олиб борувчи курд тузилмаларини қуроллантириш режасини тасдиқлаган.

Ахборот агентлиги манбасининг маълум қилишича, курдлар Hummer автомобиллари, танклар, миномётлар ва иссиқликни нишонга олувчи ракеталар олган. Қурол-аслаҳа ва техника қуруқлик бўйича Ироқ ҳудуди орқали Семелка назорат-ўтказиш пунктигача олиб борилиб, сўнгра Рўжава туманига ташланган. У ердан юк фураларда Кобани ва Тел-Обод жанубига етказилган.  

"Бу қурол-аслаҳа ва техника Раққани озод қилишда, жумладан шаҳарни штурм қилишда фаол қўлланади", деб айтди манба.

Аввалроқ курдларга қурол-аслаҳа етказиб берилиши Анқаранинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Анқара Суриядаги курд тузилмаларини Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси билан яқиндан ҳамкорлик қилади, деб ҳисоблайди. Анқара мухторият учун эришмоқчи бўлаётган суриялик курдлар ортидан Туркиядаги курдлар ҳам мустақилликни талаб қилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Ҳозирда Сурия Демократик кучлари АҚШ авиацияси ва махсус бўлинмалари кўмагида Табқа ва Раққа шаҳарларини ИШИД жангариларидан озод қилиш операциясини олиб боришмоқда. Бу эса ўз навбатида расмий Дамашқнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Унинг фикрича, америкаликлар Сурия ҳукуматининг розилигисиз ҳаракат қилмоқда ва уларнинг Сурия шимолида мавжудлиги моҳиятан босқинчилик ҳисобланади.