Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Швейцария Конфедерацияси Президенти Дорис Лойтхард мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирини қутлашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Президенти ўз табригида ўзаро муносабатларни юқори баҳолаб, ўтган даврда икки мамлакат ўртасида "Анъанавий мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашувга асосланган тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ўрнатилган. Муносабатларнинг барча масалалари бўйича очиқ ва амалий мулоқот йўлга қўйилган. Ўзаро алоқаларнинг деярли барча йўналишлари қамраб олинган салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган", деб таъкидлаган. 

Швейцария Президенти қутловида бундай дейилган: "Ўзбекистон Республикасининг Швейцария билан кўп йиллик дўстлик алоқалари учун чуқур миннатдорлик билдираман". 

“Швейцариянинг яқинда тикланган, Марказий Осиё мамлакатлари билан 2017-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегиясида Швейцария Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлик қилиш тарафдори экани акс эттирилган. Иқлим ўзгариши, минтақавий сув таъминоти ва санитария масалаларига эътибор қаратиш мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман", дейилган қутловда.

Президент Дорис Лойтхард Ўзбекистон билан Швейцария ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлаган.