Англия премьер-лигасининг 37-туридан ўрин олган энг эътибор учрашув бугун бўлиб ўтади. «Вест Бромвич» ўз уйида мамлакат чемпионати пешқадами Лондоннинг «Челси»клубини қабул қилади. Tribuna.Uz мавсумнинг ҳал қилувчи ўйини бўлиши кутилаётган баҳсга батафсил тўхталиб ўтади.

«Вест Бромвич» - «Челси» (12 май, 23:59, UzReport, Матч! Футбол 1).

Учрашувнинг аҳамиятли томони шундаки, ўйин чемпион номини аниқлаб бериши мумкин бўлади. Антонио Конте дебют мавсумидаёқ Англия чемпионлигини қўлга киритган кам сонли мураббийлардан бирига айланади. Лондонликлар ғалабани қўлга киритган тақдирда очколари сонини 87тага етказиб олади ва учта учрашув ўтказиши керак бўлган «Тоттенҳэм»ни 10 очкога ортда қолдириб кетади.

Фото: Twitter/@wba

Ўйин олдидан
«Вест Бромвич»

Бугунги учрашув мезбонлари Англия премьер-лигасининг сўнгги 5 учрашувидани буён умуман ғалаба қозона олмай келмоқда. Жамоа охирги бешта ўйиндан 4тасида мағлубиятга учраган бўлса, 1та учрашувда дуранг қайд этган. Мазкур учрашувларда жамоа бор-йўғи иккита тўп киритишнинг уддасидан чиққан. Энг ёмон тарафи жамоа ўз уйида ўтказган сўнгги уч учрашувнинг барчасида мағлуб бўлган.

«Челси»
Лондонликлар эса премьер-лига доирасидаги сўнгги 5та учрашувнинг 4тасида ғалаба қозонган ва ўша ғалаба қозонган ўйинларида камида уч бор рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган. Сўнгги марта жамоа «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувда (0:2) майдонни голсиз тарк этганди.

Фото: Twitter/@chelsea

Ўзаро учрашувлар тарихи

Англия премьер-лигаси ташкил этилганидан 10 йил ўтгач, «Вест Бромвич» турнирда илк бор иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Премьер-лигада 11-мавсумини ўтказаётган жамоа шу кунга қадар «Челси»га қарши АПЛ доирасида 21 учрашув ўтказиб, 3 учрашувда ғалаба қозонган, уч учрашувда дуранг қайд этилган «Челси» 15 учрашувда (шуларнинг 6таси меҳмонда) ғалаба қозонган. «Вест Бромвич» уйида ўтказилган 10 учрашувнинг 6тасида «Челси», 3тасида «ВБА» ғалаба қозонган. Битта учрашувда дуранг қайд этилган.

Қизиқ томони, «Челси» «Вест Бромвич» уйида кечган сўнгги 5 ўйиннинг фақат биттасидагина ғалаба қозонган. У ҳам бўлса ўтган мавсум бошида бўлиб ўтган учрашувда (3:2) лондонликларнинг қўли баланд келганди. Бунгача жамоа 4 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида «Вест Бромвич» уйида ғалаба қозона олмай келаётганди.

Фото: Twitter/@wba

Қизиқарли фактлар
— агар «Челси» бу учрашувда ғалаба қозонса, 5 карра премьер-лига чемпиони деган номга эга чиқади. АПЛ ташкил этилган даврдан буён фақатгина «МЮ» улардан кўпроқ (13 марта) бу унвонга эга бўлган;

— Юқорида эслаб ўтганимиздек «Вест Бромвич» «Челси»га қарши уй стадионида ўтказган сўнгги бешта учрашувнинг учтасида ғалаба қозонган (1 дуранг, 1 мағлубият);

— «Челси» «Вест Бромвич»га қарши сўнгги 8 учрашувнинг фақат 1тасида мағлубиятга учраган (4Ғ, 3Д);

— «Вест Бромвич» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги барча 21 учрашувда камида битта бўлсада гол киритилган ва ҳеч қачон нурсиз дуранг қайд этилмаган. АПЛда фақатгина «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» қарама-қаршилигида нурсиз дуранг қайд этилмаган ўйинлар сони кўпроқ (22та ўйин);
— Диего Коста «ВБА»га қарши бешта учрашувнинг учтасида гол киритган. Унинг жами киритган голари сони ҳам 3та.

Фото: Twitter/@wba

Йўқотишлар

«Вест Бромвич» таркибида жамоанинг энг яхши ассистенти Мэтт Филлипс жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Жонни Эванснинг эса сафга қайтишидан мураббийлар умидвор бўлиб туришибди. Робсон-Кану машғулотларда иштирок этаётган бўлсада, унинг асосий таркибга кириши катта сўроқ остида қолмоққда.

«Челси» таркибида эса йўқотишлар йўқ. Нголо Канте қисқа вақт давомида оёғидан олган жароҳатидан соғайиб яна ўйинга шай ҳолатда турибди.

Мураббийлар нима дейди?
Тони Пулис, «ВБА»: 
«Челси»ни бу ерда байрам қилмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Учрашувни интиқлик билан кутмоқдамиз. Бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга хурсандчилик бағишлашни истаймиз Бизнинг ҳам ўз мақсадларимиз бор».

Антонио Конте, «Челси»: «Бундай вазиятдан роҳат олиш жуда муҳим. Бугун амалга оширадиган фақат биттагина вазифамиз бор: уч очко олиш ва совринни ўзимизники қилиб расмийлаштириш».