Маълумки, 2017 йил 15 мартидан Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасида қоидабузарликларни қайд этувчи камералар ҳамда тезлик ўлчовчи радарлар ишга туширилган эди. Улар 5 кун мобайнида синов тариқасида ишлагач, тўлиқ фаолият юрита бошлаганди. 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ушбу камералар ёки радарлар томонидан қоидабузарлик қайд этилиб, автомобил эгаларига жарималар ёзилганида, уларга ушбу жарималарни тўлаш юзасидан 2 ой муҳлат берилади. Ушбу муддат мобайнида жаримани тўламаган ёки жаримага норозилик билдирмаган ҳайдовчилар ИИББ ЙХХБ ходимлари томонидан ушланиб, уларнинг бошқарувидаги транспорт воситаларини жарима майдончаларига қўйиш ҳамда жарималарни ундириш бўйича амалий чоралар кўрилади. 

Тошкент йўлларидаги энг кўп қоида бузилаётган кўча маълум қилинди

Шунга кўра, 2017 йил 16 майидан эътиборан Тошкент шаҳрида ушбу тадбирга старт берилади. Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати қоидасини бузгани камералар ёрдамида қайд этилган ҳамда бу ҳақда огоҳлантириш мактубини олган бўлса-да, жарималарни тўламаган ҳайдовчи фуқароларга мурожаат қилиб, 16 майга қадар жарималарни тўлаб қўйишга чақиради. Акс ҳолда, автомобил жарима майдончаси қўйилиши қўшимча моддий чиқимларга олиб келади.