2017 йил 11 май куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи тадбиркор аёлларга ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришдаги ҳуқуқий кўмак” мавзусида анжуман ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақcад Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг экспорт фаолиятига ҳуқуқий ёрдам беришнинг меъёрий-ҳуқуқий, методологик ва амалий жиҳатларини таҳлил қилиш бўлди.

Анжуман “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ва Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. Унда “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг минтақавий бўлинмалари аъзолари, экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар, маҳаллий ва халқаро экспертлар, ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси каби давлат органлари масъул ходимларининг юртимизда тадбиркорлик субъектларига, хусусан, экспорт операцияларини амалга ошириш йўналишида яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар, преференциялар ёритилган маърузалари тингланди.

Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳам тадбирда сўзга чиқиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт фаолиятини ривожлантириш олдида турган амалий муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Билдирилган таклифлар давлат идоралари вакиллари томонидан қизиқиш билан қабул қилинди.

Анжуманда сўзга чиққан Фридрих Эберт номли жамғарманинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги минтақавий директори Хенриетте Кифер бу борадаги хорижий тажриба билан ўртоқлашди. 

Конференция қатнашчилари республикада экспорт параметрларини бажарилишини таъминлаш, экспорт географиясини кенгайтириш, экспорт қилинадиган  маҳсулотлар ҳажмлари ва турларини кўпайтириш асосида мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлардан бохабар бўлдилар. Шунингдек, тадбирда “Экспорт операцияларида валюта айланмаси” ва “Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришда молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлашнинг ўрни” мавзулари юзасидан ҳам баҳс-мунозаралар ўтказилди.

Анжуман якунида иштирокчилар унда кўтарилган мавзулар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқдилар ва қабул қилдилар.