Украина миллий жамоатчилик телерадиокомпанияси раҳбари Зураб Аласания Россияда ўтадиган 2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларининг Украинада  намойиш қилинишидан воз кечилишига эришишга ҳаракат қилади. Аласания бу ҳақда "Телекритика" нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

Аласаниянинг айтишича, у лавозимидан кечиб бўлса ҳам учрашувларнинг намойиш қилинишига қарши чиқади. 

"Агар миллий терма жамоа у ерга борса ва мамлакат Россияга бориши ва у ерда иштирок этиши мумкин, деб ҳисобласа, мен канал раҳбари сифатида лавозимимни йўқотсам ҳам "Биз буни кўрсатмаймиз" деб айтаман. Мен футболдаги йирик амалдорлардан бу ҳақда сўраганимда улар бужмайиб, "Ишқилиб, Украина ўта олмасин" деб айтмоқдалар", деб таъкидлаб ўтди Аласания.    

Украина терма жамоаси ўзининг саралаш гуруҳида 5 та ўйиндан кейин 8 очко тўплаб 3-ўринни эгалламоқда. Саралаш босқичи натижаларга кўра, жаҳон чемпионати финалига гуруҳда биринчи ўрин эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри йўл оладилар, иккинчи ўрин эгаллаган жамоалар жаҳон чемпионатига бориш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўзаро баҳслашадилар. Украина гуруҳида Хорватия пешқадамлик қилмоқда (13 очко), 2-ўринни Исландия (10 очко) эгалламоқда.