Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясининг «Халқаро илмий ҳамкорлик учун» мукофоти билан тақдирланди. Ўзбекистон Фанлар академиясида ана шу мукофотни топшириш маросими бўлди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, Хитой Фанлар академияси делегацияси, олимлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов, Хитой Фанлар академияси Шинжон физика ва кимё-техника институти директори Ли Шао ва бошқалар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, айниқса, илм-фан соҳасида алмашилаётган ўзаро тажриба улкан самаралар бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори Шавкат Солиҳовнинг ушбу мукофот билан тақдирланиши ҳам Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон илм-фан фидойиларига бўлган чексиз ҳурмати намунасидир.

Академик Шавкат Солиҳов Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, оқсил кимёси, токсинлар кимёси ва биотехнология соҳасида таниқли олим. Унинг илмий фаолияти табиатдан олинган биологик актив токсинлар, ферментлар ва бошқа моддаларнинг тузилиши ва функцияларини ўрганишга қаратилган бўлиб, фанда биринчи марта Ўрта Осиё ҳайвонлари заҳарларидан токсик хоссаларга эга бўлган 50 дан ортиқ физиологик фаол оқсил ва пептидлар ажратиб олинган. Шулардан 15 модданинг кимёвий структураси аниқланган. Олим раҳбарлигида 70 дан ортиқ ўсимликдан 150 дан ортиқ фан учун номаълум бўлган полифенол табиатли биологик фаол моддаларнинг кимёвий таркиби аниқланиб, улар асосида ҳозир мамлакатимиз тиббиёт амалиётида кенг қўлланилаётган вирусларга, шамоллашга қарши ҳамда қон тўхтатувчи дори-дармон препаратлари яратилган. Пахта чигитидан госсипол моддасини ажратиб олиш ва уни катта миқёсда ишлаб чиқариш технологиясини яратишда ҳам олимнинг хизматлари катта.