12 май куни Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир Навоий кон-металлургия комбинатида 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурларининг амалга оширилиши, кўзда тутилган модернизация тадбирлари, истиқболли лойиҳалар самарадорлигига бағишланди. 

Анжуманда маълум қилинишича, бугунги кунда Президент топшириқлари асосида дастурга киритилган барча лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унда лойиҳалар ҳужжатларини ишлаб чиқиш, техник ва технологик жиҳозларни танлаш, қурилиш-монтаж ишларидан тортиб, то объектларни ишга туширишгача бўлган барча жараёнлар ўз аксини топган. 

Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда 9-ўринда 

Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Қизилқумдаги "Ауминзо-Аматой" олтин конлари негизида 5-гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тоши қўйилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун бир қанча хориж компаниялари ва соҳанинг етакчи институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани маълум қилинди. Хусусан, Ауминзо-Аматой конларини ўзлаштириш ҳамда 5-гидрометаллургия заводини қуришда энергия самарадорлиги юқори бўлган мақбул технологияларни танлаш учун Россиянинг "ИВС" компанияси ёпиқ акциядорлик жамияти жалб этилди. Ҳамкорликдаги тажриба-синов ишлари тугалланиб, технологик регламент ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. 

Шунингдек Россиянинг "Иргиредмет" институти билан биргаликда Марказий кон бошқармасининг "Олтинни уюмда ишқорлаш" цехида ҳосил бўлган техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш лойиҳаси бўйича оптимал технологияни танлаш учун тажриба-синов ишлари ва технологик регламенти ниҳоясига етказилгани қайд этилди. Ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа якунида йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган улкан саноат мажмуаси яратилади. 

Захираси бўйича дунёда энг йирик ҳисобланган "Мурунтов" олтин конини ўзлаштиришнинг 5-босқичи ўта муҳим лойиҳалардан ҳисобланади. Бунинг учун Россиянинг "ВНИПИ промтехнология" институти олимлари жалб этилди ва конни ўзлаштиришнинг 5-босқич концепцияси ишлаб чиқилди. 

Шунингдек АҚШнинг "Интегро груп" компанияси томонидан олтин захираларини ҳисоб-китоб қилиш учун карьернинг янги геологик-математик модели яратилди. Олтин конини ривожлантириш концепцияси ва геологик-математик моделнинг ишлаб чиқилиши натижасида аниқланган захира 2130 йилгача олтин рудаси қазиб олиш имконияти мавжудлигини кўрсатиб бермоқда. Мазкур лойиҳанинг дастлабки иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 14 март куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.