Венесуэлада май бошига келиб инфляция 92,8 фоизлик даражага етди, бу кўрсаткич апрель ичида 16,5 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда 11 майда мамлакат миллий ассамблеяси ўзининг истеъмолчилик нархлари индекси ҳақидаги хабарида маълум қилди.

Парламентнинг молия комиссияси бўйича аъзоси Анхел Альварадонинг айтишича, ҳозирда мамлакат бўйлаб ўтаётган мухолифат намойишлари иқтисодий ва ижтимоий талаблар кўринишидаги асосга эга. "Ягона ўсаётган иқтисодий кўрсаткич инфляция бўлган мамлакат ёшлар орасида норозилик уйғотмоқда ва ночорлик кўринишидаги келажакдаги хавф олдида ёшлар ўз ҳаётини хавфга қўйиб, уларга тегишли бўлган мамлакатни тиклаш учун кўчаларга чиқди", деб айтган Альварадо.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Венесуэладаги иқтисодий таназзул мамлакатни жорий йилда 720 фоизлик, 2018 йилда 2068 фоизлик инфляцияга олиб келишини прогноз қилганди.

Бу муаммолар ортида Венесуэла президенти Николас Мадуро энг кам иш ҳақининг 1 майдан 60 фоизга оширилишини эълон қилганди.

Ҳозирда Венесуэладаги вазият маҳсулотлар тақчиллиги, юқори даражадаги инфляция, мамлакат даромадларининг пасайиши ва Мадуро сиёсатига қарши оммавий норозиликлар сабабли оғир кўринишга келган.