Жанубий Кореянинг янги президенти Мун Чжэ Ин Россия, АҚШ, Хитой ва Японияга ўзининг махсус вакилларини юборади. Бу ҳақда Ёнхап ахборот агентлиги хабар қилмоқда

Айни вақтда ушбу лавозимларга Демократик партиядан сайланган парламент аъзолари тайинланган. 

Хабарларга кўра, Россияга депутат Сон Ёнгил келади. У 2013 йилда РФга президент Владимир Путин таклифига биноан ташриф буюрган. Ўшанда у Жанубий Корея минтақалари делегациясига раҳбарлик қилган. 

Пекинга эса яна бир депутат Пак Бенсок бориши эҳтимол. У КХДР атрофидаги вазият ва АҚШ РҚМ тизимларининг Жанубий Кореяда ўрнатилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу масалаларни муҳокама қилиш учун Сеул яна бир гуруҳни Хитойга юборишга тайёр. 

Агентлик хабарига кўра, АҚШга Корея парламентининг яна бир аъзоси Хон Сокхен юборилиши мумкин. У президент Но Му Хен даврида Кореянинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган.

Депутат Мун Хисон музокаралар ўтказиш учун Токиога йўл олади.