Япония пойтахти Токио метрополитени бекатларидан бирида мусулмонлар ибодат қилиши учун масжид очиладиган бўлди, деб хабар қилади Туркиянинг TRT телекомпанияси. 

Хабар қилинишича, «East Japan Railway Company» компанияси шундай қарорга келган.

Фирма вакилларининг тушунтиришича, Японига йилдан-йилга айниқса Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари бўлмиш — Малайзия ва Индонезиядан мусулмон сайёҳларнинг ташрифи кўпаймоқда.

«JR East» фирмасининг бош директори Тецуро Томита матбуот анжуманида шундай деган:

«Японияга мусулмонлар ташрифи тобора кўпаймоқда. Шу сабабли жўнаш масканларида мусулмонча ибодатхоналар барпо этишга зарурият туғилмоқда. Бундай жойлар метро бекатларимизда ҳам барпо этилади».

Бош директор илк масжид 5 июнь куни очилишини ҳам айтиб ўтди. Мусулмонлар ундан эрталабки соат 8:30 дан кечки 19:00 гача фойдалана олишади, дам олиш кунларида эса у 17:00 гача очиқ бўлади.

Масжид 8 квадрат метр юзага эга бўлади, унинг ичида намозга покланиш учун таҳоратхона ҳам назарда тутилган.

Шу пайтгача Японияда фақат Ҳанеда ва Нарита аэропортларидагина масжидлар бор эди.