Буюк Британия консерватив партияси ўзининг сайловолди манифестида фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқларда улар томонидан 18 ёшга тўлгунга қадар қолдирилган барча ёзувлар ва изоҳларни ўчириб ташлаш имконини беришга ваъда қилмоқчи. Манифест келаси ҳафта эълон қилиниши лозим, деб ёзади Guardian.

Ижтимоий тармоқлар ва коммуникация компанияларини жарима таҳдиди остида фойдаланувчилар балоғатга етмаган пайтга қадар қолдирган ёзувларини ўчиришга мажбур қилиш ҳақидаги ваъда иш берувчилар билан боғлиқ. Сўнгги маълумотларга кўра, иш берувчиларнинг учдан бир қисми ишга жойлашмоқчи бўлганларга, уларнинг ижтимоий тармоғидаги саҳифаси билан танишгач, рад жавобини беради. Аввалроқ собиқ бош вазир Тони Блэр ёшлигида ижтимоий тармоқлар бўлганида ҳеч қачон бундай юқори лавозимни эгаллай олмаслигини тан олганди.

Шунингдек, консерваторлар ваъда қилган янги қонунларга мувофиқ, ижтимоий медиалар фойдаланувчилар порнографик ёки экстремистик материалларга тасодифан “дуч келишса” ҳам катта миқдордаги жаримага тортилади. Ҳукмрон партия режаларига кўра, компаниялар фойдаланувчиларнинг қонунга хилоф бўлган интернет-саҳифалар, фотосуратлар ҳамда матнлар борасидаги хабарларига жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади.