Лондоннинг "Челси" клуби Англия чемпионати ғолиби бўлгани учун рекорд қийматдаги мукофот пули олади. Мукофот пули қиймати 150 млн фунт стерлингни ташкил қилади. Бу ҳақда Мirror нашри хабар бермоқда

12 май куни "Челси" чемпионатнинг якунланишига 2 тур қолганда муддатдан аввал жорий мавсум чемпионига айланди. Лондон клуби чемпионатнинг 36-турида меҳмонда "Вест Бромвич"ни 0:1 ҳисобида мағлуб этди. Мусобақа жадвалида "Челси"дан кейин келаётган "Тоттенҳэм"да яна 3 та ўйин ва 10 очколик фарқ бор. 

Нашрнинг маълум қилишича, "Челси" 150 млн фунт стерлинг, премьер-лиганинг қолган клублари халқаро телевизион ҳуқуқларни сотиш, тижорат шартномалари ва "даромадни тенг тақсимлаш" тизими эвазига тахминан 80 млн фунт стерлингдан мукофот пули оладилар.  

"Челси" премьер-лига раҳбариятининг телеҳуқуқларни сотиш бўйича охирги битимидан кўпроқ наф кўрадиган биринчи клуб бўлади. Битимнинг қиймати 8 млрд фунт стерлингдан кўпроқни ташкил қилган. Маълум қилинишича, Англия чемпионатида сўнгги ўринни эгаллаётган ва премьер-лигани муддатдан аввал тарк этган "Сандерланд" ҳам мавсум натижаларига кўра 80 млн дан 100 млн фунт стерлинггача мукофот пули олиши мумкин. 

Аввалги мавсумда илк бор чемпион бўлган "Лестер" 93 млн фунт стерлинг, 10-ўринни эгаллаган "Челси" эса 87,3 млн фунт стерлинг мукофот пули олганди. 

"Челси" ўз тарихида 6-маротаба Англия чемпионига айланди. Клуб, бу унвонга, шунингдек, 1955, 2005, 2006, 2010 ва 2015 йилларда эришган. "Челси" 6 та чемпионлик унвонидан 5 тасини унинг эгаси россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлгандан кейин қўлга киритган. Абрамович клубни 2003 йилда 140 млн фунт стерлингга сотиб олганди. "Челси" Англия чемпиони унвони сони бўйича жорий мавсумда премьер-лигани тарк этувчи "Сандерленд" билан тенглашиб олди. Умуман олганда, бу унвонни энг кўп миқдорда – 20 маротаба "Манчестер Юнайтед" қўлга киритган, 2-ўринни 18 та чемпионлик унвони билан "Ливерпуль" эгалламоқда.