Америкалик собиқ жосус Эдвард Сноуден Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА)нинг вирусли киберҳужумларга алоқадорлигини рад этмаяпти. Ушбу вирусли киберҳужумлар оқибатида 70 дан ортиқ мамлакатлардаги турли ташкилотлар, давлат идоралари серверлари ва компютерлари зарарлангани ҳақида аввал хабар берилган эди. Сноуденнинг таъкидлашича, агар МХА ўз вақтида тизимда аниқланган заиф нуқталарни маълум қилганида бундай кенг қамровли оқибатларнинг олдини олиш мумкин бўлар эди. 

Бир вақтлар МХАда ишлаган, бугунги кунда Россияда истиқомат қилиб келаётган Эдвард Сноуден WannaCry вируси ёрдамида амалга оширилган кенг қамровли киберҳужумларда агентлик билвосита айбдор деган фикрни илгари сурмоқда.

Сноуденнинг қайд этишича, МХА дастурларга ҳужум қилиш учун хавфли инструментларни ишлаб чиққан. 12 майдаги хакерлик ҳужумлари бундай ҳаракатлар нималарга олиб келиши мумкинлигининг исботидир. 

Сноуден сўз юритаётган заифликлар Shadow Brokers хакерлик гуруҳи томонидан жорий йил апрел ойида интернет тармоғига қўйилган эди. У Windows операцион тизимида ишлайдиган компютерларга таҳдид соладиган эксплойтлар тўпламидан иборат эди. 

Ушбу жойлаштириш бомба портлаши эффектини берган, чунки бутун дунёдаги хакерларга миллионлаб компютерларни зарарлашга имкон берди. 

Бундан ташқари, Америка мудофаа вазирлигида ишлаган манбалардан бири Motherboard нашрига берган интерьюсида бу жойлаштиришни «Сноуден воқеасидан кейинги энг ёмони» деб баҳолаган.

Ҳозирча, куни кеча амалга оширилган глобал хуруж ортида кимлар тургани номаълум, бироқ Сноуден бунда МХАни бевосита бўлмаса-да айбдор деб билмоқда. Shadow Brokers эксплойтлари жойлаштирилганидан сўнг ушундай ёзган эди: «МХА ўтган йили унинг хакерлик арсенали ўғирланганидан хабардор эди. Аммо, дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчиларини бундан ўз вақтида огоҳлантирмади. Демак, бу уларнинг айбими?».

Дунёнинг 74 мамлакатида ўрнашиб олган WannaCry вируси компютерга тушганидан кейин ундаги барча файлларни шифрлаб, барча маълумотлар ва файлларни тўсиб қўяди ҳамда уни очиш учун пул талаб қилади. 

Антивирус дастурлар ишлаб чиқарувчи Avast компаниясининг Россия ва МДҲдаги вакили Алексей Фёдоровнинг «Газета.Ru» сайтига берган интервюсида айтишича, 12 майдаги киберхуруж тарихдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади.