Ҳафта охири бир қатор ёрқин учрашувларга бой бўлади. Чемпионликни бой берган «Тоттенҳэм»нинг «МЮ»га қарши ўйини, Франческо Тоттининг катта футболдаги сўнгги катта учрашувдаги учрашуви ва уик-эндда бизни кутаётган шу каби учрашувлар ҳақида Tribuna.Uz ҳикоя қилади.

АПЛ. «Тоттенҳэм» — «Манчестер Юнайтед»
(14 май, 20:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

АПЛ жума куни чемпиони аниқлангач турнинг марказий учрашуви сифатида қаралаётган. «Тоттенҳэм» ва «МЮ» учрашувига бўлган қизиқиш бироз пасайган бўлиши мумкин. Бироқ бу ўйинда ҳам ҳал қилинадиган масалалар етарлича топилади. Биринчидан бу учрашувда «Тоттенҳэм» ғалаба қозониб, ҳеч бўлмаса иккинчи ўринни ҳам ўзи учун расмийлаштириб олиши ва қолган учрашувларни ортиқча босимсиз ўтказиши мумкин бўлади. Иккинчидан, бу «Манчестер Юнайтед» учун чемпионат ўйинлари орқали ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун (манкунианлар Европа Лигаси финалида«Аякс»ни енгса бу йўлланмани қўлга киритиши мумкин) сўнгги имконият бўлади

«Тоттенҳэм» «Манчестер Юнайтед»га қарши ўз уйида кечган сўнгги 15та ўйиннинг фақат биттасида (!) ғалаба қозонган. У ҳам сўнгги мавсумда бўлиб ўтган учрашувда кузатилган. Аммо сўнгги тўрт учрашувдан буён «МЮ» ҳам бу стадионда ғалаба қозона олмаяпти.

Ла-Лига. «Реал» — «Севилья»
(14 май, 23:00, UzReport) 

«Реал» учун мавсум сўнггига қадар чемпионлик учун ҳалақит қилиши мумкин бўлган энг жиддий рақибга қарши майдонга тушади. Узоқ вақт ҳаттоки чемпионлик учун ҳам кураш олиб борган андалусияликлар «Барселона» учун чемпионликдаги сўнгги умидлардан бири бўлиб қолмоқда. Икки пешқадамнинг очколар тенг бўлсада, «Реал»да битта ўйин захираси сақланиб қолмоқда. Шу боисдан ҳам «Барселона» «Реал»нинг камида битта учрашувда мағлубиятга учрашиши шарт бўлиб қолмоқда. Бу йўлдаги асосий умид айнан «Севилья» бўлиб қолмоқда.

«Реал» уйида кечган сўнгги етти учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Сўнгги марта «Севилья» Мадриддан 2008 йилнинг декабрида ғалаба (4:3) билан қайтган. Умуман бу андалусияликларнинг Ла-лига доирасида Мадридда бўлиб ўтган сўнгги 10 учрашувдаги ягона ғалабаси саналади.

А серия. «Рома» — «Ювентус»
(14 май, 23:45, Sport, Мат! Футбол 2)

«Рома» чемпионликдан деярли умидини узиб бўлган. Бу қайсидир маънода жамоа учун жуда кам бўлсада қолган умидни қайтаришга ёрдам бериши мумкин. Аммо бу учрашувдаги ғалаба оралиқдаги фарқни қисқартиришга ёрдам беради. Чемпионат тугашига уч тур қолган «Ювентус» яқин таъқибчисидан 8 очко олдинда бормоқда. Римликлар бу ўйинда биринчи навбатда ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланма берувчи 2-ўринни мустаҳкамлаш учун ҳам майдонга тушиши керак бўлади. Сабаби 3-ўринда бораётган «Наполи» билан орадаги фарқ бир очкони ташкил қилмоқда.

Бу учрашувнинг яна бир аҳамиятли томони, римликларнинг тирик афсонаси Франческо Тотти учун бу учрашув А сериядаги сўнгги энг катта учрашув бўлиши кутилмоқда. Мавсум якунига етгач, «Император» футболчилик фаолиятини якунлайди.

Римда бўлиб ўтган сўнгги 10та учрашувнинг 6тасида «Ювентус»нинг қўли баланд келган. «Рома» бу муддатда фақатгина битта учрашувда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. У ҳам ўтган мавсумда бўлиб ўтган учрашувда кузатилганди.

 

Бундеслига. «РБ Лейпциг» — «Бавария»
(13 май, 18:30, Матч! Футбол 3)

«Бавария» кетма-кет бешинчи мавсумда Германия чемпионлигини қўлга киритишга улгурди. «Лейпциг» эса ўз тарихида илк марта бундеслигадаги иштирокида тарихий натижани қайд этишга улгурди. Жамоа мавсумни камида 3-ўринда якунлаб, совринли ўринларни қўлга киритиш ва ЕЧЛ гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш имкониятни қўлга киритди. Бу учрашувда Ральф Ҳазенхюттл шогирдлари 2-ўринни ҳам нақд қилиш учун ғалаба қозониши керак бўлади. Биринчи давранинг сўнгги қисмида Мюнхенда бўлиб ўтган учрашув марказий учрашув сифатида баҳоланган ва ўшанда «Лейпциг» чемпионлик учун кураш олиб бораётганди. Бироқ бугунги учрашувнинг қиймати бироз тушган.

Икки жамоа шу кунгача фақат бир марта рўбарў келишган. Юқорида эслаб ўтганимиздек бу жорий мавсумнинг биринчи даврасида бўлиб ўтган бўлиб, ўшанда «Бавария» футболчилари рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда 3:0 ҳисобида ғалаба келтирганди. Бўлажак ўйин «Лейпциг» уйидаги дастлабки учрашув бўлиб тарихга киради.