Латвиялик парашютчи Ингус Аугсткалнс дунёда биринчи бўлиб дрондан сакрашни амалга оширди, деб хабар бермоқда Delfi нашри. Ушбу трюк 12 май куни Латвиянинг Амата ўлкасида амалга оширилди. 

Дастлаб Аугсткалнс ҳавога кўтарилган дрондан осилиб турган тросга илашиб олиш учун 120 метрли телекоммуникация устунига кўтарилди. Сўнгра квадрокоптер парашютчи билан бирга 330 метрга кўтарилган ва парашютчи сакрашни амалга оширган.

Дрон Aerones компанияси томондан ишлаб чиқарилган бўлиб, 28 та двигатель билан жиҳозланган. Дрон бунинг эвазига 200 кг гача юкни кўтара олади. Бундай дронларни қутқарув ишларида, ёнғинларни ўчиширда ҳамда спорт ва кўнгилочар соҳаларда қўллаш мумкин.