Англия премьер-лигасининг 37-туридан ўрин олган марказий учрашувлардан бирида «Манчестер Сити» амалдаги чемпион «Лестер»ни қабул қилди.

Учрашувнинг 29-дақиқасида Давид Сильва Лерой Саненинг тўп узатишидан сўнг ҳисобни очди. 36-дақиқага келиб, айнан Лерой Санега нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг белгиланган пенальтини Габриэл Жезус аниқ амалга ошириб фарқни иккитага оширди. 42-дақиқада эса меҳмонларнинг япониялик футболчиси Шинжи Оказаки фарқни қисқартирганди. Иккинчи бўлимда жамоалар ҳарчанд уринишмасин гол киритишнинг уддасидан чиқа олишмади. Қизиқ томони, 77-дақиқада меҳмонлар вакили Риёз Маҳрез пенальтидан гол киритганди. Бироқ у тўпни тепиш жараёнида сирпаниб кетди ва тўпга икки марта тегишга улгурди. Ҳакам мана шундай нозик вазиятни пайқай олди ва голни ҳисобга олмади. Учрашув қўшиб берилган дақиқалар билан бирга 100 дақиқа давом этди.

Ушбу ғалабадан кейин «Манчестер Сити» 36 учрашувда 72 очко тўплаб 3-ўринга кўтарилиб олди. Бу турдаги ўйинини энди ўтказадиган (лекин 36 ўйин ўтказган) «Ливерпуль»ни жамоа 2 очкога ортда қолдириб кетди. 35 учрашув ўтказган «Арсенал»ни эса Гвардиола шогирдлари 6 очкога ортда қолдирмоқда. «Лестер» эса бу мавсумдаги 17 мағлубиятини тан олиб 43 очко тўплаган ҳолда 9-поғонада қолмоқда.

Англия премьер-лигаси, 37-тур

Манчестер Сити – Лестер 2:1 (2:1)
Голлар:
Сильва (29), Габриэл Жезус (36, пенальти) – Оказаки (42).
Ноаниқ пенальти: Риёз Маҳрез (77, Лестер)
Манчестер Сити: Кабальеро, Отаменди, Компани, Клиши, Фернандиньо, де Брюйне (Сабалета, 82), Туре, Сильва, Сане, Стерлинг (Агуэро, 78), Габриэл Жезус (Навас, 90+4).
Лестер: Шмейхел, Беналуан, Чилуэлл, Симпсон, Фукс, Кинг (Амарти, 68), Ндиди, Олбрайтон (Грэй, 80), Маҳрез, Окадзаки (Слимани, 73), Варди.
Огоҳлантиришлар: Беналуан (35), Компани (50), Фукс (72), Олбрайтон (79), Агуэро (84), Сильва (90+8).