Давлат солиқ хизмати органларида ўрнатилган «Ишонч телефонлари» орқали ўтган ҳафта давомида (2 майдан 9 майга қадар) жами 238 та, шундан 5 та юридик шахслар ва 233 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Бу ҳақда Кун.uz'га Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Мурожаатларнинг аксариятида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний фаолият юритиш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб «Терминал» аппаратлари ишлатилмаётганлиги, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.

Жумладан, фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.З. амалдаги қонунчиликка зид равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан «тадбиркорлик» фаолиятни амалга ошганлиги аниқланди. Натижада ундан 5 турдаги 3 миллион 640 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди. 

Шу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Қ.М. ҳам тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан солиқлардан қочиб ноқонуний фаолият юритаётганлиги маълум бўлди. Назорат тадбири давомида ундан 8 турдаги 13 миллион 370 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди. Ангор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.В. тегишли ҳужжат расмийлаштирмасдан «тадбиркорлик» фаолиятни амалга оширган. Натижада ундан жами 14 миллион 545 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатидан олинди. 

Бухоро вилояти Вобкент туман Имом Бухорий кўчасида фаолият кўрсатувчи «VOBKENT YO’LOVCI SERVIS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли автотураргоҳ хизмати кўрсатиш шохобчасида ўтказилган назорат тадбирида шохобча ходими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори талабларини қўпол тарзда бузиб, автотураргоҳдан фойдаланувчиларга харид чеки бермаган ва бу билан даромадини яширишга уринган. Шунингдек хизмат кўрсатиш шохобчаси ғазнасида назорат касса машинаси хотирасига қайд қилинмаган нақд пулларнинг борлиги ҳам аниқланган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. 

Вобкент туманида туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг вилоят бўлими ходимлари томонидан «Вобкент марказий бозори»да ўтказилган назорат тадбирида 11 нафар фуқаронинг ҳужжатсиз равишда фаолият юритаётганлиги аниқланган.

Олиб борилган тушунтириш ва профилактик ишлар натижасида ушбу фуқароларнинг барчаси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини қонуний йўлга қўйди.