Солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 1946 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, деб хабар берди Кун.uz’га Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати.

Жумладан, бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 21 нафар; уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулк ка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 199 нафар; даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 169 нафар; ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 110 нафар; автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 284 нафар фуқаролар; савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 421 нафар; солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 344 нафар; дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 32 нафар; солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 81 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 849 та тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 131 нафар жисмоний шахслар судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.