2017 йил 11 май куни Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Суд ижрочиларнинг Учтепа туман бўлими томонидан маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида Учтепа тумани Абдулла Қодирий маҳалласида профилактика тадбири ўтказилди. 

Мазкур тадбирда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ҳудудий бошқарма ва суд ижрочиларининг мавжуд алимент ундирувлари бўйича қарздорликларни олдини олиш, мавжудларини бартараф этиш борасида ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди. 

Тадбирда йиғилганларга суд департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оилалардаги келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро мухаббатнинг йўқлиги,  феъл атворнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса рўзғордаги муаммолар эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чикади.

Рақамларга мурожаат қилинадиган бўлса, Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси иш юритувида 2017 йил 31 март ҳолати бўйича жами 20024 та алиментдан қарздорлик ҳолати қайд этилган. 

Суд ижрочилари томонидан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича охирги 3 йил давомида таққослайдиган бўлсак, қарздорларга нисбатан 2014 йилда жами 41 та фуқарога, 2015 йилда 39 та фуқарога 2016 йилда жами 35 та фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган.   
  
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунига мувофиқ, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида тўламаслик энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаригача миқдорида жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Йиғилиш сўнггида фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди ва баъзи мурожаатлар жойида ҳал қилинди. Айрим мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал қилиш масаласи  қўйилди.