Венесуэла президенти Николас Мадуро Мадриддаги Венесуэла маданий маркази атрофидаги воқеа ва гўёки Венесуэланинг Испаниядаги элчисига тажовуз қилинганидан кейин Испания бош вазири Мариано Рахойни "қўрқоқ" деб атади. 

11 май куни кечки пайт Венесуэланинг Мадриддаги элчиси Марио Исеа у ва элчихонанинг маданий марказида бўлган яна 100 га яқин киши элчихона биноси қаршисида Мадурога қарши чиқаётган юзлаб намойишчилар томондан "гаровда ушлаб турилганини" айтган. Бироқ Испания ҳукумати Исеа гаровда ушлаб турилгани ҳақидаги хабарни рад этган.

"Рахой, сен қўрқоқсан, сен бирорта давлат элчисига, Венесуэла элчихонасига ҳужум қилишга ижозат бера олмайсан, бу фашистлик", деб айтди Мадуро VTV телеканали эфирида. У Испания қироли Фелипе VI’дан бўлиб ўтган воқеани батафсил тергов қилишни сўраган.

Мадуро шунингдек Испаниянинг собиқ бош вазири Фелипе Гонсалесни ҳам "эслаб ўтди". Гонсалес Венесуэлада таъсис йиғилиши чақириғини ўтказмай, янги сайловларни ташкиллаштиришни сўраган. "Қандайдир Фелипильо Гонсалес чиқибди, фикримча, Фелипильо қандайдир қиролнинг реинкарнацияси бўлиб, баъзида шира кайф бўлганда харитага қараб, Венесуэла унга тегишли деб ўйлайди ва бизга нима қилишни ўргатади", деб айтди Мадуро.