Америка олимларининг таъкидлашича, ҳаддан зиёд озодалик болалар саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, агар бола эрта болалигиданоқ баъзи бактериялар ёки организмларга дуч келса, унинг иммун тизими чанг-кирларга бўлган реакциясини мустақил назорат қилишни ўрганади. "Ортадокс" тиббий порталида шу ҳақида маълумот берилди.

Чикаго Университетидаги Микробиома Маркази раҳбари Жек Гилберт бугунги кунда ота-оналар фарзандларига ҳаддан зиёд ғамхўрлик қилиб, уларга "гард юқтирмасликка ҳаракат қилишлари", бу эса уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатишига эътибор қаратди. 

Олимларнинг таъкидлашича, озодаликнинг ижобий жиҳатлари кўп, албатта, бироқ унга эришиш йўлидаги ортиқча хатти-ҳаракатлар болаларга салбий таъсир қилади. Бунинг исботи сифатида келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда жониворлар билан деярли мулоқотда бўлмаган ёки болалик даврида лой-қумли жойларда ўйнамаган болалар орасида экзема, гул чангига аллергия, астма ва қандли диабет ҳолатлари кўпайган.