12 май куни хакерлар томондан содир этилган хакерлик ҳужуми оқибатида 150 та давлатда камида 200 минг жисмоний ва юридик шахслар жабр кўрди. Бу ҳақда Британиянинг ITV телеканалига Европа полиция агентлиги (Европол) директори Роб Уэйнрайт маълум қилди.  

Унинг айтишича, киберҳужумнинг ўзига хослиги шундаки, товламачи-вирусга ўз-ўзини тарқатиш функцияси қўшилган, шу сабабли бутун дунё бўйлаб ушбу вирус билан компьютерларнинг зарарланиши автоматик равишда юз беради. "Ҳужум мисли кўрилмаган кўламларга етди. Охирги маълумотларга кўра, гап 150 та давлатда 200 минг жабрдийда ҳақида кетмоқда ва бу жабрланувчиларнинг асосий қисми компаниялар, жумладан йирик корпорациялар ҳисобланади", деб айтди Уэйнрайт.

Унинг айтишича, кўпчилик одамлар хакерларга пул тўламаганлар, бироқ шу билан бирга вируснинг тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда. "Рақамлар ошишда давом этмоқда ва мен душанба куни кўплаб одамлар ишларига келиб, компьютерларини ёққанларида нима содир бўлишидан хавотирдаман", деб айтди Европол директори.

12 май куни хакерлар Windows операцион тизимига эга компьютерларга WannaCry шифрловчи-вирусини қўллаган ҳолда ҳужум содир этишга ҳаракат қилишган. Россияда йирик компания ва федерал муассасалар, жумладан ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Сбербанк, "Мегафон" мобил оператори компьютерлари киберҳужумга учради.    

Вирус ҳужумидан Буюк Британия соғлиқни сақлаш миллий тизимининг камида 40 та ташкилоти, жумладан шифохоналар ва поликлиникалар жабр кўрди. Бу эса тиббиёт муассасаларида касалларни қабул қилишнинг бекор қилинишига, тез ёрдам хизмати ишида узилишларга ва ҳаттоки, режалаштирилган жарроҳлик операциялари ўтказилишида тўхташларга олиб келди. Уэйнрайт ушбу ҳолатга тўхталиб, кўплаб давлатларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги компьютер тизимлари ҳимояси жиддий хавотир уйғотишини таъкидлаб ўтди.