"Евровидение" мусиқа танловида оғир юрак хасталигига эга қўшиқчи ғолиб бўлди

Маданият 14 Май 2017 10629
Фото: Reuters

Португалиялик қўшиқчи Сальвадор Собрал Украинада ўтган "Евровидение" мусиқа танловида 1-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ғолиб 758 балл тўплади. 27 ёшли қўшиқчи Amar pelos dois ("Икки юрак севгиси") қўшиғини ижро этди. 2-ўринни болгариялик Кристиан Костов эгаллади, у 615 балл тўплай олди. 3-ўрин Молдованинг "SunStroke Project" гуруҳига насиб этди.

Собрал юрагида муаммоларга эга бўлиб, у хасталиги туфайли танловнинг барча репетицияларида иштирок эта олмади. Унга янги юрак кўчирилиб ўтказилиши керак.

Собрал ўзининг миннатдорчилик нутқида "Португалия қаҳрамони мен эмасман. Бош қаҳрамон Криштиану Роналду ва шундай бўлиб қолади", деб айтган.

Финалда Молдова, Озарбойжон, Греция, Швеция, Португалия, Польша, Арманистон, Австралия, Кипр, Бельгия, Болгария, Беларусь, Хорватия, Венгрия, Дания, Исроил, Руминия, Норвегия, Нидерландия, Австрия, Буюк Британия, Италия, Испания, Франция, Германия ва Украина вакиллари иштирок этдилар.

Португалия ушбу танловда 1964 йилдан бери иштирок этиб келади ва ҳали бирор марта ғолиб бўлмаганди. 

Собрал Португалиядан танловда иштирок этувчи қўшиқчи этиб танлангандан кейин, у иккита чуррани олиб ташлаш операциясини бошдан ўтказган. Шу сабабли у танловнинг дастлабки қисмини ўтказиб юбориб, фақатгина яримфинал қисмига етиб келган. Ўша операция вақтида қўшиқчининг юраги хасталиги аниқланган ва унга яшаб кетиши учун йил охиригача донор юрак ўтказиш зарурлиги айтилган.

Қўшиқчи ўз қўшиғида айнан барча нарсага бардош бера олувчи юрак ҳақида куйлаган. 

Кўпроқ янгиликлар