Бугун, 14 майда Францияда президентлик ваколатларининг Франсуа Олланддан унинг вориси Эммануэль Макронга топширилиши маросими бўлиб ўтади. Шундан кейин Макрон расман президентлик лавозимини бажаришга киришади. 

Ваколатларнинг топширилиши маросими Париж вақти билан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 13:00да) Елисей саройида бўлиб ўтади. Анъанага кўра, Олланд Макронни қароргоҳ эшиги олдида кутиб олади ва у билан яккама-якка суҳбатлашиш учун ичкарига кириб кетади. Олланд ярим соат ичида янги президентга давлатнинг энг муҳим сирларини маълум қилади ва ядровий ракеталарни учириш кодларини топширади. 

Сўнгра сиёсатчилар Елисей саройининг олд ҳовлисига чиқишади. Бу ерда Олланд сарой, унинг ходимлари ва ўз ҳамкасблари билан хайрлашади ва шундан кейин саройни тарк этади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Шу вақтдан бошлаб Макрон инаугурацияси маросими бошланади ва унга Франция олий давлат ҳокимиятининг рамзи – Фахрий легион ордени гроссмейстери занжири топширилади.