14 май куни Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири Марк Цукерберг 33 ёшга тўлади. Шу муносабат билан HBR Цукербергнинг ишбилармонлик, шахсий ўсиш, интернет ва келажак ҳақидаги энг ёрқин баёнотларини чоп этади.

Facebook'нинг бошланиши ҳақида. «Ижтимоий тармоқ» фильми биз ҳақимизда ҳақиқатни сўзламайди. Аслида ҳаммаси бошқача бўлган. Биз Facebook'ни яратгунимизга қадар, Ҳарвард университетидан олдин, мактабда мен интернетдан фойдаланар эдим ва қидирув тизимидаги турли маълумотларни кузатардим. Қизиқ пайтлар эди. Интернетдаги мавжуд маълумотларга илк бор кириш имконига эга бўлганингизда улкан таассурот оласиз. Сиздан олдинги авлодда бундай имкон бўлмаганини англаб етасиз. Бу ажойиб бўлган ва шубҳасиз фойдали бўлган, лекин мен атрофимдаги кишиларнинг нимага қизиқишини кузатганман. Барчамиз инсонлармиз, шундай экан, бошқалар билан мулоқот қилишни истаймиз. Бу дунёни англаб етиш ва унга бошқа кишилар кўзи билан қарашга қизиқамиз... Facebook ишга тушгунга қадар интернетда бундай имконият бўлмаган. Бошқа одамларнинг ўй-хаёллари, уларнинг ҳаётида рўй бераётган воқеаларни билиш учун Google'дан фойдаланиб бўлмасди, шу боис мен инсонлар бир-бири билан маълумот алмашиши мумкин бўлган тармоқни қуришга киришдим.

Фото: Getty Images

Ғоянинг жиддий лойиҳага айланиши ҳақида. Facebook'нинг илк версиясини ишга туширган тунимиз бир умрга ёдимда муҳрланиб қолган. Биз ҳозирда бирга ишлаб келаётган дўстларимиз билан пицца еб, қачондир кимдир худди шундай дунё ҳамжамиятини тузиши ҳақида мушоҳада қилган эдик... Бироқ бу бизнинг ўзимиз эканимиз ҳақида ҳатто ўйламаганмиз ҳам... Менда дастлаб улкан компанияга асос солиш ва уни бошқариш истаги бўлмаган, мен шунчаки дўстларимиз билан алоқада бўлишга ёрдам берувчи тармоқни яратмоқчи бўлганман. Ҳеч қандай катта режалар бўлмаган. Сайтнинг биринчи версияси бир неча ҳафтага ёзилган эди, бундан нима чиқишини кузатиш қизиқ эди. Маълум вақт ўтгач, бошқа университет ва мактаблардаги болалар ҳам сайтга қўшилиш истагини билдиришди. Шундан кейин бошқа мамлакатлардаги талабалар ҳам унга қўшилмочи эканликларини маълум қилишди, бир неча йилдан кейин эса сайтимиз барчани қизиқтириб қолди.

Ёшликдаги хатолар ҳақида. Талабалик давримда анча аҳмоқона ишлар қилганман. Бироқ улар учун узр сўрамоқчи эмасман. Мен ҳақимда айтиладиган гапларнинг баъзилари тўғри, баъзилари эса - йўқ... Мен Facebook'ни 19 ёшимда ярата бошлаганман ва бу вақт ичида кўп нарса ўзгарди.

Facebook бошқа компаниялардан нимаси билан ажралиб туриши ҳақида. Бизнинг вазифамиз дунёни янада очиқ ва одамларни бир-бирига яқин қилишдан иборат. Биз уни истаган маълумоти билан бўлишиш ва хоҳлаган инсони билан мулоқот қилиш имкони билан таъминладик.

Фото: Getty Images

Пуллар нима учун кераклиги ҳақида. Ҳаммаси оддий: биз пул ишлаш учун сервис яратмаймиз. Биз энг яхши сервисларни яратиш учун пул ишлаяпмиз ва ўйлаймизки, бу бирор нима яратишнинг яхши усули.

Танқид ва мақтов ҳақида. Биз ҳақимизда ёқимли хабар ёзишганида компания олдида чиқиш қилиб, "Буларнинг барчасига ишонманг" дейиш муҳим. Биз ҳақимизда салбий фикрлар ёзишганида ҳам компания ходимларига "Буларнинг барчасига ишонаверманг" дейиш муҳим.

Бир хил кулранг футболкалар ва бемаъни қарорлар ҳақида. Мен ҳамжамиятимизда энг яхши хизматни йўлга қўйишга доир қарорларга жой бўшатиш учун ҳаётимни бемаъни қарорлардан тозалашни истайман. Ўйлашимча, ўз қувватимнинг маълум қисмини аҳмоқона ва енгил-елпи нарсаларга (масалан, кийим танлашга) сарфласам, ўз ишимни яхши уддалай олмайман.

Стартаплар нима қилишни қандай англаши мумкинлиги ҳақида. Менинг фикримча, компаниянинг ўз диққатини имкон қадар тезроқ ўқишга қаратиши принципиал муҳим аҳамиятга эга. Компаниялар - бу ўрганаётган организмлар... Кўпинча компаниянинг яратилиши илмий пойдеворга эга бўлади. Сиз кўплаб турли гипотезаларни синовдан ўтказасиз. Агар тажрибалар муваффақиятли ўтса, нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўласиз.

Фото: Getty Images

Келажак ҳақида. Бизда яқин 10 йиллик режа бор. Биз ҳозир эътибор бераётган уч катта ўзгаришни кўришни хоҳлаймиз. Уларнинг биринчиси - бу алоқа, Ердаги ҳар бир одамнинг интернетдан фойдалана олиш имкони. Бугунги кунда Ер юзи аҳолисининг ярмидан кўпроғида бундай имкон мавжуд эмас... Агар биз кўп глобал муаммоларни ҳал қилишни истасак, уларни бир гуруҳ инсонларгина ҳал қила олмаслигини англаб етишимиз керак. Уларни биргаликда ҳал қилиш керак ва бу жараёнда иштирок этиш учун ҳар бир инсонга имкон бериш керак.

Кейинги муҳим жиҳат - сунъий интеллект. Ўйлашимча, у турли соҳаларда кўплаб имкониятларни очади. Биз инсонлар учун аҳамиятли контентларни намойиш қилиш ва сиз ҳақиқатдан ўзингиз истаган кишилар билан мулоқот қилаётганингизга ишонч ҳосил қилишингиз учун Facebook'да ундан фойдаланамиз. Шундай бўлса-да, бизнинг сунъий интеллектни қўллашимиз унинг пойдеворини яхшилашга ёрдам беради. Шу туфайли касалликларга янада яхши ташхис қўйиш, энг яхши дори-дармонларни ишлаб чиқиш, ҳайдовчисиз автомобилларни яратиш, инсонлар ҳаётини сақловчи нарсаларни ўйлаб топиш мумкин бўлади...

Учинчи ўзгариш - янги йирик ҳисоб-китоб платформасининг юзага келиши. Янги платформалар ҳар 10-15 йилда пайдо бўлади ва одамларга бунга қадар имкони бўлмаган ишларни бажаришда ёрдам беради. 20 йил аввал кўпчилик стол компьютерларидан фойдаланган, улар анча катта ўлчамларда бўлган. Биз улардан иш мақсадида фойдаланганмиз, чунки улар ишларни янада самарали бажаришга ёрдам берарди. Бироқ у пайтлар одамлар комьютерлардан кўнгилочар мақсадларда фойдаланишмаган. Ҳозир бир-биримиз билан мулоқот қилишимиз учун телефонларимиз бор, бу қурилмалар инсон эҳтиёжлари учун кўпроқ тўғри келади. Бироқ улардан кейин янги платформа пайдо бўлади ва ўйлашимча, у виртуал ёки тўлдирилган реаллик билан боғлиқ бўлади. Бу эса одамларга нисбатан ижодкорроқ бўлишга ва уларнинг нима ҳис қилаётганини чуқурроқ англашга ёрдам беради.

Фото: Getty Images

Қўрқув ва таваккал ҳақида. Агар сиз ҳеч нарса қилмаётган ва ўзгартирмаётган бўлсангиз, кўп нарса йўқотасиз... Энг катта таваккал - умуман таваккал қилмаслик.

Бошқаларни эргаштирувчи орзулар ҳақида. Facebook ходимлари бошқа компаниялар ходимларидан бироз фарқ қилишади, чунки бизни ижтимоий миссия бирлаштириб туради. Ҳар куни ишга одамларга доимий алоқада қолиш ва кўпроқ маълумот бўлишиш имконини бериш ҳақида ўйлаб келамиз. Миллиардлаб кишиларда бир-бири билан мулоқот қилиш ва улар учун муҳим янгиликлар билан бўлишиш имкони бўлиши керак - бошқаларни эргаштирувчи орзу дегани шу эмасми, ахир?